Ижод мактабларига 50 дона компьютер совға қилинди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таълим мавзусида ўтказилган видеоселекторда хорижий давлат элчиларининг хорижий илғор тажрибаларни жорий этишга шахсан масъуллиги белгилаб қўйилган эди.
Шунга асосан, ўқув дастурлари, адабиётлар ва жиҳозлар, малакали педагоглар ва молиявий грантларни жалб қилиш бўйича Президент таълим муассасалари агентлиги томонидан элчихоналар билан бир қанча музокаралар олиб борилмоқда. Икки томонлама дастурлар асосида иш юритилмоқда.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси томонидан Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактабларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида турк компаниялари томонидан беғараз ёрдам кўрсатилмоқда.

Жумладан, Туркия компаниялари билан олиб борилган музокаралар натижасида Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ҳамда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаблари учун 50 дона компьютер ажратилди.

Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида компьютерларни топшириш тадбири бўлиб ўтди.
– Биз алмашинув дастурлари, ўқитувчилар малакасини ошириш ва халқаро танловларда ўқувчиларимиз иштирокини таъминлаш каби йўналишларда Ташқи ишлар вазирлиги ва элчихона вакиллари билан ҳамкорлик қилмоқдамиз. Бу имкониятларнинг бари ёшлар учун, – дейди агентлик раҳбари Ҳилола Умарова.
Тадбир сўнгида мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонаси томонидан тақдим этилган 50 дона компьютер ижод мактабларига топширилди. Тадбир давомида ижод мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, куй-қўшиқлар тадбирнинг файзли ўтишига хизмат қилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА