Ижод байрамига айланган фестиваль
Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ташкил этилди.
Фестивалнинг очилишида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуриддинов, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султон Раев ва бошқалар янгиланиш босқичига кирган Ўзбекистонда миллий маданият ва санъат, адабиёт, илм-маърифат равнақига устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган илғор ташаббуслар халқимиз ижодий салоҳиятини кўрсатувчи кўплаб ижодий лойиҳаларга кенг йўл очмоқда.
[gallery-11493]
Санъатнинг турли йўналишларида бўлгани каби ўзбекистонлик рассомлар, халқ амалий санъати усталари, дизайнерлар, фотомусаввирлар, ҳайкалтарошлар Ватанимиз шарафини турли кўргазмалар, фестиваллар, хориждаги «Ўзбекистон маданияти кунлари»да ўз ижод намуналари билан муносиб тарзда ҳимоя қилмоқда. Ўзбекистон чин маънода истеъдодлар диёри эканини бетакрор асарлари, миллий руҳдаги композициялари билан ёрқин намойиш этмоқда.
Бадиий академия томонидан ўтказилаётган Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ҳам тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги ютуқларимизни мухлислар, хорижлик меҳмонлар эътиборига ҳавола этаётгани билан аҳамиятлидир.
Фестивалнинг илк кунида юртимиз ва хорижлик рассомлар асарларидан иборат кўргазмалар, санъат йўналишидаги таълим даргоҳлари ёшлари ижодига оид либослар намойиши, пленер машғулотлар, маҳорат сабоқлари ташкил этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири