Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтилади
Муносабат
Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси том маънода катта тарихий воқеа бўлди. Унда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг нафақат бир йиллик, балки яқин келажакдаги йўналишлари аниқ ифодалаб берилди. Мурожаатномада кўтарилган ўндан ортиқ масалалар, белгилаб берилган устувор вазифалар пировардида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мурожаатномада мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўяётгани, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётгани ҳақида айтиб ўтилди. Бу борада фақат ҳисоботлардагина эмас, балки амалда ҳам кўплаб натижаларга эришганимиз санаб ўтилди.
Жумладан, якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлишига қарамай, Ялпи ички маҳсулот бу йил илк бор 80 миллиард доллардан ошди, иқтисодиётимизга шу йилнинг ўзида 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар кириб келди, экспортимиз эса 19 миллиард долларга етди. Бу йил тарихимизда илк бор пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдори минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаган даражага олиб чиқилди. Ваҳоланки, бу рақамлар ортида машаққатли меҳнат ётибди.
Давлатимиз раҳбари 2023 йилдаги энг устувор йўналишларга тўхталиб ўтар экан, биринчи йўналиш сифатида ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтишни таклиф қилди. Хусусий ташаббусларни янада кенгайтириш, уларга янги истиқболларни очиш мақсадида энди “қўл бошқаруви”дан аниқ натижага ишлайдиган тизимли бошқарувга ўтиш вақти келгани таъкидланди.
Эндиликда вазирликлар ислоҳ қилиниб, ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгартирилади. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади. Бу орқали раҳбарларнинг масъуллигини ошириш, халқ билан бевосита ишлаш, муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиш, берилган вазифаларнинг сидқидилдан бажарилишига эришилади. Яъни, Давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқариб, иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Бугун биз Қонунчилик палатасида “Ҳукумат соати”да вазирликларнинг ахборотларини мунтазам эшитиб боряпмиз. Бу эса вазирликларнинг ўз фаолиятига бўлган масъулиятини янада ошириб, депутатлар олдида ҳисобдорлигини ҳис қилишига замин бўлаётир.
Шу билан бирга, янги вазир тайинлашда ҳам депутатлар иштирок этаяпти, режалари билан танишиб, маъқуллаяпти. Шундай экан, вазир фаолиятини самарали ташкил этишда парламентдаги қўмита, комиссия ва депутатларнинг ҳам масъулиятини белгилаш лозимлигини давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундай экан, Мурожаатномада белгилаб берилган ушбу муҳим масалага жиддий ёндашишимиз, энг муҳими, юрт тақдирига дахлдор бўлиб, халқимизни рози қилиш учун ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз керак.
Дилбар Усмонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА