Италияда эмланмаган шифокорлар ишдан бўшатилмоқда
Италияда ҳалигача COVID-19 га қарши эмланмаган тиббий ходимлар ўз вазифасидан четлатилади, деб хабар тарқатди Sky TG24 янгиликлар канали.
Италияда аҳолини коронавирусга қарши оммавий тарзда эмлаш ўтган йилнинг декабрида бошланган эди. Ўшанда биринчи бўлиб Римдаги Lazzaro Spallanzani юқумли касалликлар миллий институти ходимлари эмланган эди. Шундан кейин мамлакатдаги барча врачлар ва тиббий ходимларни ёппасига эмлаш бошланди.
Жорий йилнинг 1 апрелида эса Италия вазирлар кенгаши COVID-19 га қарши кураш бўйича навбатдаги декретни қабул қилди. Ушбу ҳужжат мамлакатнинг барча тиббий ходимлари учун эмланиш мажбурийлигини назарда тутади.
Мазкур ҳужжатга кўра, эмланишдан бош тортган шифокорлар ҳақидаги маълумотлар 16 апрелгача соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этилиши лозим. Улар зудлик билан эмланмаса, вазифасидан четлатилади.
Сўнгги маълумотларга кўра, Италияда соҳада хизмат қилаётган камида 46 минг ходим ҳалигача эмланмаган. Ҳукумат режасига кўра, сентябрь ойигача аҳолининг 80 фоизи эмланиши лозим. Шундагина мамлакатда жамоавий иммунитет шаклланади, дейилади хабарда.