Италияда Amazonга миллиард евродан ортиқ жарима солинди
Италия Антимонополия хизмати Amazon онлайн-савдо компаниясини “бозорда етакчилик ҳолатини суиистеъмол” қилишда айблаб 1 миллиард 128 миллион евро миқдорида жаримага тортди, дейилади бозор ва рақобатни ҳимоя қилиш бўйича бошқарма (AGCM) томонидан тарқатилган хабарда.
Ташкилотнинг таъкидлашича, Amazon ўз имкониятларидан фойдаланган ҳолда, “Италия бозорида мутлақ эгалик қилиш”га уринган ва шу мақсадда ўзининг етказиб бериш хизматини ривожлантирган. Бу билан у интернет-савдо бозорида логистика соҳасида фаолият юритаётган бошқа хизматларга катта зиён келтирган.
Йирик миқдордаги жарима ушбу амалиётнинг давомийлиги ва Amazon гуруҳларининг ҳажмига қараб солинди, дейилади хабарда. Шунингдек, хабарда келтирилишича, энди Amazonнинг ушбу қонунбузарликни тўғрилаши антимонополия хизматининг махсус назорати остида кечади.