Италия олийгоҳларини забт этган ўзбек ўғлони
Бугунги кунда дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олаётган ва илм-фан соҳасида юксак натижаларга эришаётган ёш ватандошларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Уларнинг муваффақиятлари нафақат шахсий ютуқ, балки мамлакатимизнинг интеллектуал салоҳияти ва ёшларининг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини намоён этмоқда. Ана шундай истеъдодли ёшларимиздан бири – Мирмуҳсин Суюнов.
М.Суюнов Тошкент шаҳрида туғилган. У Мирзо Улуғбек туманидаги 190-сонли айрим фанлари чуқур ўқитиладиган синфлари мавжуд умумий ўрта таълим мактабида аъло баҳоларга ўқиган.
Қаҳрамонимиз ҳозирда Италиянинг нуфузли Милан университетида “Барқарор ривожланиш учун халқаро ва оммавий ҳуқуқ, этика ва иқтисодиёт” йўналиши бўйича докторантурада таҳсил олмоқда. Ушбу дастурга қабул жараёни унинг академик салоҳиятини яна бир бор намоён этди. Чунки танловда иштирок этган 34 нафар номзод орасида, жумладан 33 нафар италиялик даъвогарлар ўртасида энг юқори натижани қайд этиб, биринчи ўрин билан докторантурага қабул қилинди.
Муваффақият сари йўл эса узоқ йиллик изланишлар, тинимсиз меҳнат ва илмга бўлган юксак қизиқиш билан йўғрилган. Мирмуҳсиннинг таълим йўли бир нечта давлат ва қитъаларни қамраб олади. У 2022-2024 йилларда Италиянинг Рим шаҳридаги машҳур “La Sapienza” университетида магистратура босқичида таҳсил олиб, “Менежмент ва инновациялар учун иқтисодиёт ва коммуникация” йўналишини 110/110 “summa cum laude” – имтиёзли диплом билан тамомлади.
Магистрлик диссертацияси доирасида Италия фонд бозори фаолиятини мустақил эмпирик таҳлил қилиб, оммавий капитал бозорлари иқтисодий ўсишга қандай таъсир кўрсатишини илмий жиҳатдан ўрганди. Ушбу тадқиқот барқарор молиявий бозорларни шакллантириш масалаларига бағишланган муҳим илмий ишлардан бири сифатида эътироф этилди.
Бундан олдин эса у Жанубий Корея “SolBridge” Халқаро бизнес мактабида “Бизнесни бошқариш” йўналиши бўйича бакалавр даражасини 4.26/4.5 ГПА кўрсаткичи билан муваффақиятли якунлади. Талабалик йилларидаёқ юқори академик натижалари билан ажралиб турган ёш мутахассис иккинчи курсда барча фанлардан мукаммал натижа кўрсатиб, 100 фоизлик хизмат стипендиясига сазовор бўлди.
Қаҳрамонимизнинг халқаро таълимдаги муваффақиятлари бу билан чекланиб қолмади. “3+1” икки диплом дастури доирасида Франциянинг Клермон-Ферран шаҳридаги “Clermont Business School”да таҳсил олиб, “Халқаро менежмент” йўналиши бўйича иккинчи бакалавр дипломини ҳам қўлга киритди. Шу тариқа у ёшлигиданоқ турли мамлакатларнинг илғор таълим тизимларида билим олиб, бой академик тажриба тўплашга муваффақ бўлди.

2021 йилда Пекин технология институтининг “Cloud Lessons” халқаро ёзги дастурида қатнашиб, Дата Сcиенcе ва Биг Дата технологиялари бўйича курсни А+ баҳо билан тамомлади. Бу эса унинг замонавий рақамли технологиялар, катта ҳажмдаги маълумотларни таҳлил қилиш ва миқдорий тадқиқотлар йўналишидаги билимларини янада мустаҳкамлади.
Бугунги кунда Мирмуҳсин Суюнов нафақат докторант, балки ёш олим ва педагог сифатида ҳам фаолият юритмоқда. 2025 йил октябрь ойидан буён Милано-Биcоccа университетида “Cultore della Materia” – фан эксперти сифатида ишламоқда. У “Барқарорлик учун бизнес стратегияси ва илғор корпоратив молия”, “Корпоратив молия” ҳамда “Корпоратив молия асослари” фанлари бўйича магистратура курсларининг имтиҳон комиссиялари таркибида фаол қатнашмоқда. Бу масъулиятли фаолият унга нафақат ўз билимларини янада бойитиш, балки келажак иқтисодчилари ва молиячиларининг шаклланишига ҳам муносиб ҳисса қўшиш имконини бермоқда.
Бундай ютуқлар замирида, энг аввало, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсатининг амалий натижалари мужассам. Зеро, сўнгги йилларда яратилган таълим имкониятлари, грант ва стипендиялар, илмий фаолиятни рағбатлантириш механизмлари ҳамда халқаро таълим дастурлари янги авлод мутахассисларининг шаклланишида муҳим омил бўлаётир. Энг муҳими, бу имкониятлар ёшларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши ва халқаро майдонда Ўзбекистон нуфузини янада юксалтиришига хизмат қилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА