Истиқлолнинг шиддати олис йўлларни яқин, одамлар турмушини фаровон қилган туризм ислоҳотларида яққол кўринади
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Ижод аҳли учун кўрган-билганлари, қалбдан кечирганлари ҳақида ёзиш энг завқлиси саналади. Бунда ҳаммаси жонли, самимий чиқади. Қоғоздаги расмий рақамлар тили билан “гаплашиш” машаққатидан йироқ бўласан.
Ушбу мақола ҳам ана шундай ҳиснинг меваси. Тошкентдан Хивагача бўлган масофадаги саёҳат таассуротлари асосида дунёга келди.
Пойтахт вокзали гавжум. Мана, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Жалолиддин Мангуберди” йўловчи поезди ҳаракатини бошлади. Бу йўналишни юртимизда транспорт ва туризм соҳаси янги босқичга чиққанининг жонли исботи дейиш мумкин.
Тошкент–Хива–Тошкент йўналишида янги қўйилган ушбу темир тулпор 2026 йилнинг 5 май кунидан бошлаб доимий қатновни йўлга қўйди. Бунинг учун Жанубий Кореянинг дунёга машҳур “Hyundai Rotem” компаниясидан энг замонавий, юқори тезликдаги электропоездлар харид қилинган эди. Янги поезд Тошкентдан чиқиб, қадимий ва навқирон Самарқанд, Бухоро ва Урганч шаҳарлари орқали Хивагача етиб боради. Бу билан Ўзбекистоннинг марказий ва шимолий ҳудудлари темир йўл орқали бир-бирига боғланди.

Илгари Тошкентдан Хивагача бориш қайсидир маънода машаққат эди. Йўловчилар тахминан 14 соат давомида толиқиб манзилга етишарди. Бугун эса янги поезд ишга туширилиши билан бу вақт деярли икки баробарга қисқарди. Бу рақамлар замирида қанчадан-қанча инсонларнинг вақти, маблағи ва соғлиғи тежалгани ётибди.
Умумий узунлиги 175 метр бўлган, 7 та вагондан иборат бу замонавий карвон бир вақтнинг ўзида 380 нафаргача йўловчини ўз бағрига ола билади. Энг муҳими, бизнинг маҳаллий иқлим шароитимизга тўлиқ мослаштирилган. Ёзнинг жазирама иссиғида ҳам, қишнинг қаҳратон совуғида ҳам бир маромда, хавфсиз ҳаракатлана олади.
Узоқ масофалар учун мўлжалланган шинам ўриндиқлар, замонавий техник ечимлар йўловчига худди ўз уйида ўтиргандай қулайлик беради. Бу лойиҳани амалга ошириш учун Бухоро – Урганч – Хива темир йўл участкаси тўлиқ электрлаштирилди. Улкан инфратузилма янгиланди. Бу давлатимиз томонидан туризмни ривожлантириш йўлида қилинган энг катта ва жасоратли қадамлардан биридир.

Мана, ҳаш-паш дегунча гўзал ва кўҳна Хива вокзалига ҳам етиб келдик. Юракни чексиз фахр туйғуси эгаллайди.
Шу ўринда бир ҳақиқатни айтиб ўтиш керак. Илгари Урганчда саёҳатини якунлаган меҳмонлар Хивага етиб олиш учун алоҳида улов қидириб, овора бўлишарди. Энди эса янги поезд йўли орқали тўғри Хива вокзалига осонгина ва маданий тарзда етиб келиш имконияти яратилди. Умуман олганда, ушбу йўналиш бўйича ўттиз километрлик темир йўл ётқизилди.
Хива шаҳрида замонавий вокзал ишламоқда. Ўтган қисқа даврда бутун ҳудуд таниб бўлмас даражада ўзгарди. Зарур инфратузилма иншоотлари, кенг ва равон йўл ўтказгичлар, муҳташам кўприклар қурилгани маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар учун мисли кўрилмаган қулайлик бўлди. Янги вокзалнинг имкониятлари эса ҳар қандай кишини ҳайратга солади. Бу ерда бир вақтнинг ўзида бир неча юз нафар йўловчига юқори даражада хизмат кўрсатиш имкони бор.
– Саёҳатга келган меҳмон йўлда сарсон бўлмаса, у манзилдан бу манзилга осон, бехавотир етиб олса шу бизнинг энг катта ютуғимиз, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти муҳандис-технологи Аббос Болтабоев. – Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан барпо этилган Урганч – Хива электрлаштирилган темир йўл линияси қурилиши бу борадаги улуғвор ишларнинг узвий қисмидир. Лойиҳани оддий қилиб темир йўл излари ётқизилди десак хато бўлади. Бунда энг замонавий электрлаштирилган тизим, тезкор оптик толали алоқа линияси ҳамда марказлаштирилган автоматик бошқарув тизими ўрнатилди. Шу вокзалимизда ҳам шинам кутиш заллари, махсус тиббиёт хоналари ташкил этилган. Сайёҳлар адашиб қолмасликлари учун ахборот берувчи замонавий белгилар, электрон доскалар тинимсиз ишлаб турибди. Вокзал ҳудудида қурилган меҳмонхона ҳам ташриф буюрувчилар учун жуда катта қулайлик саналади.

Бу каби бунёдкорлик ишлари фақат туристлар учун эмас, биринчи навбатда шу юртда яшаётган оддий одамлар учун қилинмоқда. Масалан, вокзал олдида қурилган автомобиль йўл ўтказгичи ва ер усти пиёдалар ўтиш йўли Қумяска, Каптархона, Ангарик ва Газчи каби катта маҳаллаларни шаҳар маркази билан боғлади. Илгари бу маҳаллалар аҳолиси марказга бориш учун олти-етти километрлик айланма йўлларда сарсон бўлишарди. Энди эса уларнинг вақти ҳам, нақди ҳам тежалмоқда.
Энг асосийси, шаҳар айланма йўли қайта тикланиб, марказий кўчаларда юк машиналарининг серқатнов оқими камайди. Шаҳар ҳавоси тозариб, сайёҳларнинг тарихий обидаларга хавфсиз бориши учун кенг шароит яратилди. Буларнинг барчаси туризмга қаратилаётган эътибор пировардида халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётганидан далолат беради.
Хоразм заминига сафаримиз яна бир мўъжизавий маскан кашфиёти билан давом этди. Ўтган йилнинг май ойида вилоятда “Арда Хива” мажмуаси тантанали очилган эди. Бу бутун мамлакатимиз ҳаётида улкан воқелик бўлган эди. Мазкур лойиҳани истиқлолимизнинг энг ширин меваси, кейинги йиллардаги шиддатли ислоҳотларнинг амалий натижаси дейиш мумкин.
Ушбу мажмуанинг очилиш тадбирида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг шахсан иштирок этгани ҳам соҳага берилаётган эътибор нақадар юқори эканини кўрсатади.
Бугун Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини юзага чиқариш бўйича қилинаётган ишлар ўз мевасини бермоқда. Биргина рақамга эътибор беринг. Ҳудудга келаётган хорижий сайёҳларнинг ташрифи етти-саккиз йил олдинги даврга нисбатан нақ 30 баробарга кўпайди! Буни шунчаки рақам сифатида кўрмаслик керак. Бу юзлаб янги меҳмонхоналар, ресторанлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари демакдир.
Соҳадаги мана шундай тизимли ўзгаришлар ҳисобига вилоятда туризм хизматлари экспорти тўққиз-ўн йил олдингига нисбатан карра-каррасига ортиб кетди. Бу маблағлар давлатимиз хазинасига, қолаверса, шу ерда хизмат кўрсатаётган оддий аҳолининг чўнтагига тушаётган соф даромаддир.
Сир эмас, илгари Хоразм туризми ҳақида гапирилганда, кўпчиликнинг хаёлига фақат Ичан қалъа келарди. Тўғри, у бизнинг фахримиз, лекин сайёҳни узоқроқ ушлаб қолиш учун янги йўналишлар керак эди. Кейинги вақтларда бу борадаги қарашлар бутунлай ўзгарди. Сайёҳлар учун қирқдан ортиқ янги туристик йўналишлари ишлаб чиқилиб, уларнинг умумий сони юзтага етказилди.
Ана шундай ноёб йўналишлардан бири “Арда Хива” мажмуаси бўлди. Бу маскан қадим кент ичида қурилган яна бир бетакрор, замонавий шаҳарни эслатади. У ўзида узоқ тарих ва бугунни уйғунлаштирган меъморий ечими билан дунёда камёб лойиҳалардан бири саналади. Энг қизиғи, бу муҳташам мажмуа илгари ҳеч вақо унмайдиган, 25 гектарлик паст унумли майдонда барпо этилди. Унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлига туташиб кетган. Бу ерларда улкан яшил ҳудудлар, боғлар ташкил этилаётгани лойиҳанинг жозибасини янада ошириб юборди. Кечагина қаровсиз ётган шўр тупроқнинг бугун жаннатмонанд гўшага айлангани Мустақиллигимиз қудрати эмасми?!
Мажмуа бўйлаб сайр қилар эканмиз, Буюк Британиядан келган сайёҳ Тристан Коулвудни суҳбатга тортдик.
– Ичан қалъа ўзининг қадимийлиги билан бизни сеҳрлаган бўлса, “Арда Хива” Хоразмнинг замонавий ва кўркам ташриф қоғозига айланибди, – дейди Тристан Коулвуд. – Мажмуа бўйлаб юриб, маҳаллий ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмаларини, шарқона бозор расталарини завқ билан томоша қилдик. Бу ерда сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун барча шароит муҳайё экан. Эринмай санаб чиқдим, қадимий шаҳар муҳитини акс эттирувчи йигирмага яқин гўзал меҳмонхона қурилибди. Очиқ ва ёпиқ аквапарклар, аттракционлар, улкан амфитеатр ва мусиқали фавворалар ишлаб турибди. Бу кўрганларимни юртимга боргач барча танишларимга сўзлаб бераман. Кўплаб видео материаллар олиб, ижтимоий тармоқларга жойладим. Дўстларим орасида Ўзбекистонга келишни истаётганлар жуда кўпайиб кетди. Мен Хоразмни томоша қилиш учун уч кун ажратган эдим. Бугун бу муддат камлик қилишини тушуниб етдим.
Ҳақиқатан ҳам, бу ерда тарихий қиёфада бунёд этилган 11 та ҳунарманд уйи, шарқона бозор, “Кўҳна Урганч” музейи ҳар қандай одамни ўзига мафтун этади. Икки километрлик сув каналида қайиқларда сайр қилиш имконияти эса меҳмонларга ўзгача романтик кайфият бағишлайди. Бешта замонавий кинотеатр ва концерт зали, кўплаб таомлар маскани бўлган ресторанлар, заргарлик маркази, сув мото-туризми жойлари жаҳон андозалари даражасида қурилган.
Энг қувонарлиси, ҳудуддаги барча иншоотлар учун ягона марказлашган совитиш ва иситиш тизими барпо этилган.
Мажмуа йилига уч миллион нафар ташриф буюрувчини қабул қилиш қувватига эга. Энг муҳими, бу ерда минглаб маҳаллий ёшлар, хотин-қизлар учун доимий, юқори даромадли иш ўринлари яратилди. Мана, туризмга берилаётган эътиборнинг оддий халқимиз ҳаётидаги ижобий меваси!
Ҳар қандай табиий захира, ер ости бойликлари қачонлардир тугаши мумкин. Аммо буюк боболаримиз бизга шундай бебаҳо маънавий мерос, улуғвор тарихий обидалар қолдиришганки, улар асрлар давомида халқимизга хизмат қилиб, барака келтираверади.
Янги Ўзбекистонда ана шундай бойликларни асраб-авайлаш билан бир қаторда, уларнинг маҳобатига ҳамоҳанг тарзда янги бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хоразм заминида кўрганимиз, темир йўллардаги шиддат, шўрхок ерларда қад ростлаган гўзал мажмуалар дилимизда бир ишончни қатъий қилди. Туризм соҳасидаги бу ютуқлар давлатимиз қудратини улуғлаб, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қилаверади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири