Истиқболли ташаббус: форишлик миллионерлар
Жиззах вилояти Фориш тумани “Нурак” маҳалла фуқаролар йиғини адирларида ковул ўсимлиги плантацияси барпо этилмоқда. “Оқтом” қишлоғи ҳудудидан эса ёмғирлатиб суғориш технологияси ёрдамида чорва моллари учун лалми ердан озуқа олиш мақсад қилинган.

Ковул хазина. Ўсимликнинг келиб чиқишини Эрондаги Дашти Кавир чўли билан боғлашади. Греция, Жазоир, Италия, Кипр, Франция, Шимолий Америка каби давлатларда ковул маданийлаштирилган ўсимлик сифатида парвариш қилинади. Юртимизнинг тоғ ён бағри ҳудудларида эса бу ўсимлик табиий ҳолда ўсади. Жумладан, Жиззах вилоятининг Зомин, Ғаллаорол, Фориш, Шароф Рашидов туманларининг тоғолди ҳудудларида ковулни истаганча топиш мумкин. Форишлик тадбиркор Бобомурод Хидиров тумандаги “Нурак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 500 гектар ер олиб, ўз маблағи ҳисобидан маданий ҳолда ковул плантацияси барпо этишга бел боғлади. Шу иш ҳисобига мавсумий 30 та иш ўрни яратилади. Айни пайтда адирликларга ковул уруғи қадалаётир.
– Ковул тугунчалари озиқ-овқат, фармацефтика саноатида дори тайёрлашда кенг ишлатилади, – дейди тадбиркор Бобомурод Хидиров. – Тиб илмининг султони, бобокалонимиз Ибн Сино ҳазратлари ушбу наботот турини кўплаб хасталикларни даволашда қўллаган. Ковул кўп меҳнат талаб қилмайдиган, сувсизликка чидамли кўп йиллик ўсимликлар сирасига киради. Агар ушбу ўсимлик озгина парваришланиб, эътибор қаратилса, катта даромад манбаига айланади. Бугунги кунда жаҳон бозорида 1 килограмм ковул тугунчасининг нархи 1,5 АҚШ доллари этиб баҳоланамоқда. Тадбиркор ўтган йили Туркия ва бир қатор Европа давлатларига 384 минг АҚШ доллари миқдорида ковул тугунчаларини экспорт қилган эди. Жорий йилда эса у экспортни 500 минг АҚШ долларига мўлжалламоқда.
Туманнинг “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият юритаётган Дилшод Чумурадов раҳбарлигидаги “Дўстлик агро экспорт” масъулияти чекланган жамияти жамоаси жорий йилда ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этган ҳолда 100 гектар ерда беда, 20 гектар ерда полиз ва дуккакли экинлар етиштиришга аҳд қилган.
– Бу ҳудудда баланд тоғли ва тоғолди қишлоқларига қараганда ёғингарчилик нисбатан кам бўлади, – дейди “Дўстлик агро экспорт” МЧЖ раҳбари Дилшод Чумурадов. – Шу сабабдан ҳам чорва учун мўл озуқа етиштириш мақсадида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий этдик.
Айни пайтда, МЧЖ аъзолари ёмғирлатиб суғориш технологиясини 60 гектардан иккига бўлиб жойлаштириб чиқмоқда. “Дўстлик агро экспорт” МЧЖ аъзолари беда, полиз ва дуккакли экинлар экиладиган жойларни шудгорлаш, ер тайёрлаш, сув ҳовузларини бетонлаш каби ишларни амалга оширмоқда.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА