Бугунги кунда “Navoiyazot” акциядорлик жамияти мураккаб технология ва жараёнларга эга, ташқи ва ички бозор географияси, ишлаб чиқариш ҳажми жиҳатидан кимё саноатининг йирик қувватларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда мазкур тармоқда тайёрланаётган маҳсулотларнинг 70 га яқин тури, ишлаб чиқарилаётган кимё маҳсулотларининг 41 фоизи айнан ушбу корхона ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича “Navoiyazot” АЖга минтақада тенг келадиган турдош корхона мавжуд эмас.
Давлатимиз раҳбари томонидан корхонада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, амалга оширилган йирик инвестицион лойиҳалар, ишлаб чиқаришларни модернизация ва реконструкция қилиш дастури ижросини таъминлаш баробарида, жаҳон стандарти талабларига жавоб бера оладиган экспортбоп, хусусан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари унумдорлигини янада оширишга қаратилган сифатли минерал ўғитлар ишлаб чиқариш, истеъмолчи талабларини қондира оладиган, халқаро бозорда бемалол рақобатлаша оладиган маҳсулотлар сафини кенгайтиришга йўналтирилган истиқболли режалар тузилди.
[gallery-20319]
Корхонада узоқ муддатга мўлжалланган технологияларни модернизация қилиш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини яхшилаш ҳамда таннархини камайтириш ҳисобига мамлакат ва жаҳон бозорларида корхона маҳсулотлари рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида мавжуд ишлаб чиқаришларни техник қайта янгилашга йўналтирилган фаол инвестицион лойиҳаларга қўл урилмоқда.
Эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда “Navoiyazot” АЖда хорижий компания вакиллари билан ҳамкорликда бир қатор янги ва замонавий лойиҳалар амалга оширилиши янада жадаллашди. Албатта, бу лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш билан бир қаторда, кимё саноати соҳаси тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшишга қаратилган.
Хусусан, 2024 йил февраль ойида умумий қиймати 20,7 миллиард сўм бўлган “Ламинатланган полипропилен қопларини ишлаб чиқариш” лойиҳасининг ишга туширилиши натижасида 85 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳа доирасида бир йилда 14 миллион дона полипропилен қоплар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
Айни пайтда замонавий ламинатланган полипропилен қоп ишлаб чиқариш цехи томонидан минерал ўғитларни қадоқлаш учун тайёр маҳсулот етказиб берилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари