
Бухоро вилояти Когон тумани ҳокими Отабек Қазоқов ҳамда Жанубий Кореянинг “Hyundai solar Energy Co., LT” ҳамда “Seonjinhitech., Ltd” компаниялари вакилларидан иборат хорижий инвестор гуруҳи туманда “Яшил энергетика” йўналишини жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ҳамда барпо этишга доир истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилди.
Компания раҳбари Киҳун Еом мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳада давлат-хусусий шерикчилиги кўпайиб соғлом рақобат ортгани, ўз навбатида дунёнинг йирик энергетика бозори сармоядорларини юртимизга жалб қилаётганини эътироф этди.

Муҳокамалар давомида мазкур компания қуёш ҳамда шамол электростанциялари қуриш ҳамда саноат тармоқларини электр энергия билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этувчи тежамкор қурилмалар ишлаб чиқариш баробарида, чиқиндини қайта ишлаб электр токи ишлаб чиқаришда ҳам яхшигина тажрибага эгалиги таъкидланди.

Учрашув давомида туман ҳудудида мазкур компаниялар иштирокида бир қанча лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Албатта, музокараларда мазкур лойиҳа ва келишувлар Когон туманининг иқтисодий юксалишида муваффақиятли қадам бўлишига ишонч билдирилди.

Меҳмонлар туманнинг “Зирабод массиви” ҳудудида жойлашган “Ғиждувон эркин иқтисодий зонаси”да барпо этилаётган коммуникация объектлари билан танишди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири