Жорий йилда мамлакатимиз кимё саноатида етакчи ўринда турадиган корхоналардан бири “Навоийазот”АЖ ўзининг 60 йиллигини нишонлайди. Шу муносабат билан ОАВ вакиллари учун корхонага пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчиларга корхонада олиб борилаётган ишлар, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.
Корхонада бугунги кунда 9 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Айни пайтда корхона юртимизда барқарор ривожланаётган, халқаро ҳамкорлар орасида ўз ўрнига эга бўлган, минерал ўғитлар, кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш дастурини бажараётган йирик саноат ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири саналади.
– 60 йиллик тарихга эга жамият мураккаб ривожланиш йўлининг бир неча босқичидан муваффақиятли ўтиб, бугунги кунда янги имкониятлар яратилаётган корхонага айланди. Айни вақтда жамиятда 30 га яқин асосий ҳамда 20 дан ортиқ ёрдамчи цехлар фаолият юритади, – дейди корхона бошқаруви раисининг 1-ўринбосари Алишер Мирзаев. – Қайд этиш керак, корхона томонидан 2024 йилда 89,2 миллиард сўм соф фойда олиниши, давлат бюджетига 613,7 миллиард сўмлик солиқ ва мажбурий тўловлар тўланиши, маҳсулотлар таннархи 826,5 миллиард сўмга, яъни 12,2 фоизга камайтирилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда бу вазифаларни амалга ошириш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда.
Корхонада тайёр маҳсулотлар экспорти йўналишида ҳам самарали ишлар олиб бориляпти. Бугунги кунда аммиакли селитра, карбамид, ПВХ, суюқ хлор, аммоний хлорид ва бошқа кимёвий маҳсулотлар асосий экспорт маҳсулотлари ҳисобланади. 2024 йилнинг ўтган давридаги экспорт ҳажми қарийб 69,4 минг долларга етди. Экспорт географияси эса доимий равишда кенгайиб боряпти. Жумладан, Афғонистон, Беларусь, Хитой, Қозоғистон, Россия, Туркия каби давлатлар асосий экспорт қилинувчи давлатлар бўлса, кейинги йилларда Европа Иттифоқи (ЕИ), Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларига ҳам жамият маҳсулотлари экспорти амалга оширила бошланди.
Сўнгги йилларда корхона негизида кўплаб инвестицион лойиҳалар амалга оширилди. Натижада маҳсулот турларини кўпайтириш, сифатини янада яхшилаш, импорт ўрнини босадиган кимёвий ўғитларни маҳаллийлаштириш, янги иш ўринларини ташкил этиш имкониятлари кенгайиб боряпти.
Корхона негизида ташкил этилган “JV Continaz” МЧЖ қўшма корхонаси ҳам шу жумладандир.
Пресс-тур иштирокчилари мазкур корхонада бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Корхонага 2019 йил декабрь ойида асос солинган ва давлат рўйхатидан ўтказилган. “JV Continaz” МЧЖ ҚК формалин ва КФК – 85 (карбамид формальдегид концентрати) ишлаб чиқарувчи корxона ҳисобланади.
Корxона Австрия билан хамкорликда ташкил этилган бўлиб, Италияда ишлаб чиқарилган замонавий ва юқори теxнологияли ускуналар билан жиҳозланган. Корxонада формальдегиднинг масса улуши 37-42 фоиз ва КФК-85 масса улуши 85 фоиз бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.
– Бугунги кунда қайта ишлаш корxоналарида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларининг ортиб бориши натижасида умумий миқдори 85 фоиз оғирликдаги карбамид-формальдегид концентрати олиш учун истиқболли теxнологик жараёнларни амалга оширишни тақозо қилмоқда, – дейди МЧЖ ҚК директор ўринбосари Муҳаммадали Вафоев. – КФК карбамид-формальдегид смолаларини ишлаб чиқаришда формальдегид ва карбамид энг муҳим манбалардан биридир. Мураккаб мувозанатли аралашма таркибида боғланган формальдегид, эркин формальдегид, сув ва оз миқдордаги метанол ҳамда бошқа аралашмалар мавжуд. Айнан шундай маҳсулотдан фойдаланиш ёпишқоқ композицияларни синтез қилиш жараёнида заҳарли оқова сувларнинг шаклланишини бутунлай йўқ қилишга имкон беради.
Корхонада ёғоч саноати учун формалин ҳам ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилаётган формалиннинг катта қисми катализаторларда юқори ҳароратда ва атмосфера босимига яқин босимларда метанолни кислородли дегидрогенлаш йўли билан олинади. Бу маҳсулот қоғоз саноатида қоғознинг мустаҳкамлиги ва сифатини яxшилашда, ёғоч саноатида эса ёпишқоқликни оширишга хизмат қилади.
Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати корхонанинг замонавий лабораториясида синчковлик билан назоратдан ўтказилади. Барча жараёнлар автоматлаштирилган бўлиб, маҳаллий ёшлар томонидан назорат қилинади. Корхона маҳсулотлари уран саноати учун ҳам етказиб берилмоқда.
“JV Continaz” МЧЖ қўшма корхонаси томонидан Президентимизнинг 2022 йил 10 октябрдаги “Кимё ва газ-кимё саноатини стратегик ривожлантиришнинг мақсадли дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қуввати 80 минг тоннага тенг цианид натрий тузлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари “Chemistry international” МЧЖда ҳам бўлди.
[gallery-20292]
Гидроксипропилметил целлюлоза (НРМС) ишлаб чиқариш юзасидан “Навоийазот” АЖ иштирокида Польшанинг “Alliance Capital KS Sp. z o.o.” корхонаси билан ҳамкорликда “Chemistry international” МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилди.
Лойиҳа қиймати 10 миллион доллар бўлиб, йилига 10 минг тонна гидроксипропилметил целлюлоза ишлаб чиқарилади.
– Бугунги кунда дунёда Хитой, АҚШ, Германия, Бельгия ва Европада гидроксипропилметил целлюлоза ишлаб чиқарилади, – дейди корхона бош муҳандиси Шуҳрат Сафаров. – Бу маҳсулот қурилишда цемент эритмаларида сув сақловчи ва қотишни секинлаштирувчи, гипс материаллари ва қуруқ қурилиш аралашмалари ишлаб чиқаришда ишлатилади. Фармацевтикада эса диспергатор, модератор, эмульгатор ва боғловчи модда шаклида қўлланилади. Елим ва лаклар, турли пресс-композициялар (целлюлозалар) ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда, озиқ-овқат саноатида эса плёнка, гел ҳосил қилувчилар шаклида қўлланилади.
Прес-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари