Истиқболли ҳамкорлик давом этади
Жиззахда вилояти ҳокими Эргаш Солиев Хитой Халқ Республикаси “Shanghai Construction Group” компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори билан учрашди.
“Shanghai Construction Group” илғор қурилиш компанияси бўлиб Хитой қурилиши тарихида кўплаб рекорд кўрсатгичларга эришган. Жумладан, Чин ўлкасидаги баланд бинолар архитектурасида, йирик кўприклар, транспорт йўллари, оммавий маданият ва спорт иншоотлари, саноат, хавфсизлик лойиҳалари қурилишида иштирок этган. Компания дунёнинг 50 та давлатида 200 га яқин лойиҳа билан шартнома тузган. 2020 йилда “Shanghai Construction Group”нинг операцион даромади 33 миллиард 500 миллион АҚШ долларини ташкил этган.

Эргаш Солиев Жиззах вилоятининг иқтисодий-ижтимоий ва инвестиция салоҳияти, ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Ўз навбатида “Shanghai Construction Group” компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Жиззах вилояти ва Хитой ўртасидаги бугуни ҳамкорлик самарали бўлаётганини таъкидлаб, ҳамкорлик борасида ишлашга тайёрлигини маълум қилди.

Расмий учрашувдан сўнг меҳмонлар вилоятда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан таништирилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА