Истиқболли ҳамкорлик бошланди
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилояти кенгашида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ташаббуси билан “Қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашув” лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди.
Тадбирда Олий Мажлис Сенати ва ЎзМТДПдан сайланган маҳаллий кенгаш депутатлари, Франциянинг Гренобль университети талабалари, вилоят "Ҳунарманд" уюшмаси, вилоят туризм департаменти ҳамда сув хўжалиги бошқармасининг мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикасидаги Франция элчихонасининг қўллаб-қувватлаши ва ҳамкорлигида халқаро таълим жамияти билан биргаликда амалга оширилмоқда. Асосий мақсад Франция ва Ўзбекистон ёшлари ўртасида маданий ва илмий жиҳатдан билим ва кўникмаларни алмашишдан иборат.
Тақдимотда илгари сурилган биринчи лойиҳа, халқ амалий санъатининг ажралмас қисми бўлган миллий ҳунармандчилик соҳаларини Француз ёшларига ўргатишдан иборат. Шунингдек, ўзбек ёшларини Франциянинг амалий санъати билан яқиндан таништириш. Иккинчи лойиҳа атроф-муҳит билан боғлиқ бўлиб тоза ичимлик сувига бўлган талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб аҳолининг барча қатламларини ичимлик суви ҳамда арзон электр энергияси билан таъминлашга қаратилган.

– Ушбу лойиҳа шудринг сувини йиғиб, ичимлик суви ўрнида фойдаланиш, ариқларда тегирмонлар (чархпалак) қўйиб, аҳолини арзон электр энергияси билан таъминлашда ниҳоятда аҳамиятли, – дейди партиянинг вилоят кенгаши раиси Махсуд Мухаммедов.
– Айниқса, чўл ҳудудларида яшовчи фермерлар, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган аҳоли қатлами учун қулайлик яратади. Лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати шундаки, туризм ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан уйғун равишда кулолчилик сир-асрорларини ўрганишда, ўзаро тажрибалар алмашишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда партия олдида турган устувор вазифалар билан узвий равишда туризмни ривожлантириш ва миллий қадриятларимизга йўғрилган миллий ҳунармандчилигимизни кенг тарғиб этишда ҳам муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Мазкур лойиҳа Франциянинг АЗУ жамғармаси томонидан молиялаштирилади. Франциянинг Гренобль университети талабалари томонидан жойларда 4 ой мобайнида тадқиқотлар амалга оширилади.
–Мазкур лойиҳа Франция билан амалга оширилаётган биринчи тажрибадир, – дейди партиядан сайланган вилоят кенгаши депутати, уста кулол Абдулла Нарзуллаев.
– Айни дамда Фарғонанинг Риштон туманида бўлиб қайтган талабалар Ғиждувон туманида ҳам бир ой мобайнида бўлишади. Ғиждувон кулолчилиги сир-асрорларини ўрганишади. Учрашувда келажакда Ӯзбекистоннинг Франция элчихонаси ҳамда Франциянинг АЗУ жамғармаси билан ҳамкорликда ушбу давлатдан ташриф буюрадиган талабалар сонини кӯпайтириш ҳамда туризм соҳасида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан режалар ишлаб чиқилди.
Зариф Комилов, ӮзА