Истиқлол инъом этган ислоҳотлар самараси
Ҳозирги кунга қадар аҳоли томонидан 64 та оғзаки ва ёзма мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 48 таси, яъни 75 фоизи ижобий ҳал этилди.
Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!
Ватанимиз узра ҳуррият қуёши порлаган қутлуғ куннинг йигирма тўққиз йиллиги арафасида яна бир бор ортга назар ташлаб, босиб ўтилган йўлларда эришилган ютуқларни сарҳисоб қилар эканмиз, халқимиз шижоати ва жасорати билан тарихан қисқа даврда мисли кўрилмаган марралар забт этилганига гувоҳ бўламиз.
Тарих учун бу муддат бир лаҳзадек қисқа бўлса-да, ўзбек халқи учун бу йилларнинг ҳар бир куни заҳмати, машаққати ва самараси билан асрларга тенг бўлди-ки, мамлакатимизнинг ички ва ташқи ҳаётида юз берган янгиланишлар, халқимизнинг турмуш-тарзи, тафаккури, қалбида рўй берган ўзгаришларни ўлчаш учун Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда, олтиндан тарози, олмосдан тош озлик қилади.
Халқимизнинг кўтаринки руҳ, эзгу ният ва бунёдкорлик иштиёқи билан яшаб, ўз ҳаётини жаҳон андозаларига мувофиқ, айни пайтда ўзига хос ва ўзига мос тарзда қураётгани йил сайин эришилаётган ютуқларга пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 22 январдаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг қўшма мажлиси ҳамда 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида берилган топшириқлар, илгари сурилган муаммоларнинг босқичма-босқич ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Навоий вилоятида аҳолининг ижтимоий муаммоларини ўрганиш, уларнинг турмуш-тарзини яхшилаш мақсадида депутатлик ҳудудида йигирмадан ортиқ аҳоли билан учрашув ва оммавий сайёр қабуллар ташкил этилган бўлса, унда мингга яқин аҳоли иштирок этди. Ҳозирги кунга қадар аҳоли томонидан 64 та оғзаки ва ёзма мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 48 таси, яъни 75 фоизи ижобий ҳал этилди. 16 таси эса муддат ва вақт талаб этадиган жараёндаги муаммолар бўлганлиги сабабли мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганилмоқда.
Шу билан бир қаторда, эпидемиологик шароитда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳамда “Эзгулик доимо қайтади” лойиҳаси доирасида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ва маҳаллий тадбиркорлар билан ҳамкорликда вилоятдаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, имконияти чекланган, боқувчисини йўқотган аҳоли қатламига мансуб 1 минг 140 оилага 155 миллион сўмлик 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулоти тарқатилди.
Пандемия даврида Президентимиз томонидан қабул қилинган қарорлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг меъёрий ҳужжатларига асосан аҳолининг тадбиркорликка қизиқишини ошириш, уларни ўз-ўзини банд қилишга ўргатиш, оғир ва синовли кунларни елкама-елка енгиш борасида ҳам қатор ишлар олиб борилди.
Парламент томонидан 2020 йил 13 апрель куни “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарор қабул қилиниб, унга асосан комиссия аъзолари, депутат ва сенаторлар жойларга масъул этиб бириктирилди. Шу билан бир қаторда, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясининг тегишли қарорига асосан вилоятда 15 минг 201 нафар ишсиз ёшлар рўйхати тасдиқланиб, бугунги кунга қадар 7 минг 606 нафарининг бандлиги таъминланди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг январь ойида “Оролни қутқарайлик” лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида вилоят ҳокимлиги, тадбиркорлар билан ҳамкорликда 5 та муҳим ташаббусни амалиётда кенг татбиқ этиш мақсадида “Ташаббуслар карвони” лойиҳаси доирасида қиймати 150 миллион сўмлик китоб жамланмалари, мусиқа ва спорт анжомлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари мўйноқлик ёшларга тақдим этилди. Ҳудудда жойлашган 4 гектар ташландиқ ер майдонида “Ёшлар боғи” ташкил этилди.
Шу билан бир қаторда, “Синовли кунларни халқимиз билан бирга енгамиз” лойиҳаси доирасида Наманган вилоятида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун қиймати 200 миллион сўмга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, май ойида Сирдарё вилояти Сардоба тумани аҳолисига 100 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ва идиш-товоқ ҳамда санитария-гигиена воситалари етказиб берилди.
Жамшид ХОДЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати аъзоси.