Истиқлол – бебаҳо неъмат
Онлайн тадбирда таъкидланганидек, Тошкент шаҳри қадимдан то бугунга қадар инсоният маданияти ривожига сезиларли ҳисса қўшган илм-маърифат ўчоқларидан бири бўлиб келмоқда.
Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигидаги янги онлайн тарғибот лойиҳасининг навбатдаги тақдимоти пойтахтимиз Тошкент шаҳри, Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятлари аҳолиси вакиллари, таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида ўтказилди.
Онлайн тадбирда таъкидланганидек, Тошкент шаҳри қадимдан то бугунга қадар инсоният маданияти ривожига сезиларли ҳисса қўшган илм-маърифат ўчоқларидан бири бўлиб келмоқда. Сўнгги йилларида пойтахтимизнинг иқтисодий, маданий-маърифий салоҳиятини юксалтиришга оид кўплаб лойиҳалар ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Янги-янги боғлар, ижтимоий, маданий-маърифий объектлар, ишлаб чиқариш қувватлари, турар жойлар барпо этилмоқда.

Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби, жаҳон стандартларига мос Президент мактаблари, дунёнинг ривожланган мамлакатлари университетларининг филиаллари очилди. Юзлаб ўқувчи-ёшлар халқаро мусиқа танловлари, ижодий фестиваллар, спорт мусобақалари, фан олимпиадаларида зафар қозонмоқда. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш изчиллик билан олиб борилмоқда.Бу каби эзгу ишлар мамлакатимизнинг барча гўшаларида кўзга ташланмоқда.
Ёш авлод қалбида ватанпарварлик ҳиссини юксалтириш, жойларда маънавий-маърифий ишлар таъсирчанлигини оширишга қаратилган “Болаларга маърифат улашамиз”, “Болаларингни асрагин дунё”, “Оилаларга маърифат улашиб”, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” каби лойиҳалар доирасида жойлардаги умумтаълим мактаблари ва серфарзанд оилаларга ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий китоблар тўплами беминнат тарқатилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази бир қатор ҳамкор ташкилотлари билан бирга элимизнинг энг азиз шодиёнаси бўлмиш – Мустақиллик байрамини кенг нишонлаш учун янги лойиҳалар, онлайн учрашувлар, мулоқотлар ўтказмоқда.
Айни пайтда ислоҳотлар шаҳд-шиддатини, кенг қамровли ўзгаришларни акс эттирувчи бетакрор кўргазма экспозицияларини мамлакатимизнинг олис-олис ҳудудларида ташкил этиш ҳам ғоят долзарбдир. Буларнинг барчаси ёшларда юртпарварлик, фидойилик, Ватан тақдири учун масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.