Ўзбекистонда биогаз энергетикасини ривожлантириш янги босқичга чиқмоқда
Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан «Ўзбекистонда биогаз энергетикасини ривожлантириш истиқболлари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан «Ўзбекистонда биогаз энергетикасини ривожлантириш истиқболлари» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.Унда мамлакатимизда биогаз энергетикасига оид лойиҳаларни амалга ошириш билан шуғулланиб келаётган халқаро ташкилотлар экспертлари, соҳа мутахассислари, бизнес доиралари, тегишли вазирлик ва ташкилот вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи Н.Дадахонова ва бошқалар мамлакатимизда табиий бойликлардан оқилона ва самарали фойдаланиш, экологик тоза иссиқлик энергия манбаларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Бу борада Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 5 майдаги 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сиғимини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги қарори муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида қуёш, шамол, биомасса каби энергия манбаларидан иборат бўлган муқобил энергетика секторини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Мамлакатимизда чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган 6 мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият юритаётган бўлиб, улардан ҳар йили 6 миллион тоннадан ортиқ органик чиқиндилар ҳосил бўлади, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси бўлим бошлиғи Фаррух Омонов. – Маҳаллий ўғитни қайта ишлаб, биогазга айлантириш кўп харажат ва ишчи кучи талаб этмайди. Қорамол, қўй-эчки, парранда гўнги ва бошқа маиший чиқиндилар хомашё манбаи ҳисобланади. Биогазнинг яна бир фойдали жиҳати экологик вазиятни яхшилашидир. Юртимиздаги қатор фермер хўжаликлари ҳозирданоқ биочиқиндиларга қайта ишлов бериб, биогаз ва биоўғитлар ишлаб чиқарадиган қурилмалардан фойдаланмоқда.
Биогаз 50 дан 70 фоизгача метан – ёнувчи газдан иборат газлар аралашмаси ҳисобланиб, озиқ-овқат тайёрлаш, электр ва иссиқлик энергиясини узатишда қўлланилиши мумкин. Уни ишлаб чиқариш давомида юзага келадиган чиқиндилар қишлоқ хўжалигида фойдаланиш мумкин бўлган юқори сифатли ўғит саналади.
Тадбир сўнгида иқтисодиётга замонавий энергия тежамкор технологияларни кенг жорий этиш, биогаз ишлаб чиқаришда давлат ва хусусий секторлар ҳамкорлигини кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини янада ривожлантириш, тизимда янги истиқболли лойиҳалар яратиш борасида фикр алмашилди.