Истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ҳам янги саноат корхоналари ишга туширилмоқда. Натижада аҳолининг бандлик даражаси, турмуш фаровонлиги янада юксалиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ҳам янги саноат корхоналари ишга туширилмоқда. Натижада аҳолининг бандлик даражаси, турмуш фаровонлиги янада юксалиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.2013 йилда туманда тиббиёт, саноат ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ўн етти корхона ишга туширилиши беш юзга яқин аҳолини иш билан таъминлаш имконини берди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 12 июлда қабул қилинган 2013-2015 йилларда Тошкент вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш Дастури тўғрисидаги қарори бу борада муҳим дастуруламал бўлаётир.
Туманда мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида “Uz Germed pharm” Ўзбекистон-Германия, “Textile tehnology group” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхоналари, “Металл инвест” масъулияти чекланган жамияти сингари еттита ишлаб чиқариш объекти фаолият бошлади.
“Ихтиёр қурилиш файз” масъулияти чекланган жамиятида керамик ғишт ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бир миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция ҳисобига фаолият бошлаган ушбу корхонада 50 нафарга яқин киши меҳнат қилаётир. Бу ерда тайёрланаётган маҳсулотларнинг асосий қисми ички бозорга киритилмоқда, маълум фоизи экспорт қилинмоқда.
– Келгусида корхона фаолиятини янада такомиллаштирмоқчимиз, – дейди “Ихтиёр қурилиш файз” раҳбари Азамат Сайфиев. – Шунда яна ўттизга яқин янги иш ўрни очилади, ғишт ишлаб чиқариш қуввати соатига қарийб 35 минг донага етади.
Туман ҳокимлигидан маълум қилишича, Юқори Чирчиқда 2013-2015 йилларда умумий қиймати 66 миллион АҚШ долларига тенг йигирма етти лойиҳа амалга оширилади.