Истиқболли лойиҳалар
Андижонда “Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш” мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Қишлоқ хўжалиги
Андижонда “Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш” мавзусида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳамда қатор вазирлик, ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда қишлоқ хўжалиги йўналишида иш олиб бораётган ҳамда мазкур йўналишда янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз бинес-режаларини таклиф этган тадбиркорлар, фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар раҳбарлари, банклар вакиллари иштирок этди.
Форумда мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Андижон шаҳридаги вилоят Ёшлар марказида ўтказилган форумнинг асосий тадбирида қишлоқ хўжалиги, хусусан, боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш, мева-сабзавот ва сутни қайта ишлаш йўналишларидаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, бизнес-лойиҳалар тайёрлаш, имтиёзли банк кредитлари олиш тартиблари, шартлари бўйича мутахассислар томонидан иштирокчиларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди.
– Айни кунда вилоятимизда 27 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Абдужаббор Эгамбердиев. – Уларнинг иқтисодиётимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси йилдан-йилга ортиб бормоқда, Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасида бу кўрсаткич анча юқори. Шундай бўлса-да, мазкур йўналишдаги мавжуд имкониятлардан ҳали тўла фойдалана олаётганимиз йўқ. Мақсадимиз қатор лойиҳалар доирасида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали бу борадаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга кўмаклашишдир.
Тадбирда Жаҳон банки вакиллари, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликлари, Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентликлари, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбар ва мутахассисларининг Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокида амалга оширилаётган “Қишлоқ хўжалигини диверсификация ва модернизация қилиш”, “Фарғона водийсида қишлоқ тадбиркорлигини ривожлантириш” мавзуларидаги лойиҳалари мақсад ва вазифалари, Жаҳон банки имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича маърузалари тингланди.
Форум доирасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, боғдорчилик, чорвачиликни ривожлантириш, иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш бўйича тақдимотлар кўргазмаси ташкил этилди.
– Корхонамиз замонавий, инновацион технологияларга асосланган иссиқхоналар қуриб бериш, иссиқхоналарга тежамкор суғориш технологиялари, шунингдек, канализация мавжуд бўлмаган бино ва ҳудудларга сув тозалаш иншоотлари ўрнатиш сингари қатор хизматларни таклиф этади, – дейди Андижон шаҳридаги “SABO HAMKOR” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳаммаджон Дадажонов. – Иссиқхона хўжаликлари ташкил этиш борасидаги ишлар Туркия, Испания компанияларининг илғор технологиялари асосида амалга оширилади.
Булоқбоши туманидаги “Дўланалик боғбон меваси” фермер хўжалигининг 10 гектар майдонда токзор барпо этиш ва сояки майиз етиштириш лойиҳаси кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Умумий қиймати 610 миллион сўм бўлган ушбу лойиҳа хўжаликнинг ўз маблағи ҳамда 350 миллион сўм миқдоридаги банк кредити ҳисобига амалга оширилиши кўзда тутилган. Лойиҳани амалга ошириш натижасида йилига 30 тонна сояки майиз етиштирилади, 20 та янги иш ўрни яратилади.
– “Агробанк”нинг туман бўлимига хўжалигимизда чорвачиликни ривожлантириш бўйича бизнес-лойиҳа тақдим этдик, – дейди Андижон туманидаги “Инсоф” фермер хўжалиги раҳбари Ойбек Алижонов. – Ўттиз бош наслли қорамол олмоқчимиз. Уларни боқиш учун жой ва имкониятлар етарли. Мақсадимиз наслли қорамолларни кўпайтириш ва сут етиштириш ҳажмини янада оширишдир.
Бизнес-форум қатнашчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда Бўстон туманидаги “Евро Эфкин”, Шаҳрихон туманидаги “Помидор агро люкс”, “Шаҳрихон барака газ”, “Меҳригиё феруз юлдузи” масъулияти чекланган жамиятлари, Олтинкўл туманидаги “Олтинкўл арғумони”, Андижон шаҳридаги “Интер агро стар” фермер хўжаликлари фаолияти, илғор иш тажрибалари билан танишди.
Форум доирасида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармасида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари кўргазмаси ҳамда матбуот анжумани ташкил этилди.