Истиқболли ҳамкорлик кенгаймоқда
Наманганда Ўзбекистон Республикаси билан Жаҳон банки ўртасида 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси масалаларига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.
Наманганда Ўзбекистон Республикаси билан Жаҳон банки ўртасида 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси масалаларига бағишланган мулоқот бўлиб ўтди.Унда Наманган, Андижон, Фарғона вилоятларидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, олий ўқув юртларининг ўқитувчи ва талабалари, фермерлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси эксперт ва мутахассислари мамлакатимиз иқтисодиётидаги барқарор ўсиш суръатларини юқори баҳолаб, Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бунда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Жаҳон банки ўртасида истиқболли ва мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жаҳон банки гуруҳи томонидан 2012-2015 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси асосида иқтисодиётнинг реал секторини қўллаб-қувватлаш, диверсификациялаш, ижтимоий хизматларни такомиллаштиришга ажратилган сармоялар ўз самарасини бераётир. Бунда мамлакатимизда яратилган қулай сармоявий муҳит ва аниқ белгиланган стратегик йўналишлар муҳим омил бўлмоқда.
Тадбирда мазкур нуфузли молия институти ва Ўзбекистон ҳамкорлигида 2012-2015 йилларда амалга оширилган лойиҳалар натижалари, иқтисодий ривожланишнинг истиқболлари ҳақида сўз юритилди, янги ҳамкорлик стратегияси ва унга янгича ёндашувлар бўйича режалар тақдим этилди.
– Ўзбекистонда Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги лойиҳалар бўйича сўнгги уч йилда эришилган натижалар янги лойиҳаларга инвестиция киритиш имконини янада кенгайтирди, – дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жунгхун Чо. – Ўзбекистон учун 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик концепциясини тайёрлаш мақсадида Жаҳон банки гуруҳи асосий ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда. Ушбу тадбирдан мақсад тайёрланаётган дастур юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ундан фойдаланиш, 2016-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик стратегияси йўлидаги саъй-ҳаракатларга кўмаклашишдан иборат. Бу саноатни модернизация ва диверсификация қилиш, хусусий сектор ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилади.