
Жиноят кодексининг 186-моддасига кўра, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Лекин фойда кўриш мақсадида айрим шахслар қонунчиликдаги бу каби талабларни четлаб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Фуқаро Ш.Х. юк машинасига 3 тоннага яқин йирик шохли мол гўштини ортиб, Тошкент шаҳрига йўлга отланганида, фақат фойда ҳақида ўйлагану қонун-қоидани эса ҳаёлидан фаромуш қилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сирдарё тумани бўлими томонидан ИИБ, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда ушланган Ш.Х.да гўштга оид ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги аниқланди ва маҳсулот ашёвий далил сифатида олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилади.
ЎзА