Истеъмолчилар мурожаати ечим топди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ишонч телефонига Бухоролик К.А мурожаат қилган.
Қайд этилишича, у Бухорода жойлашган савдо мажмуасидан қўл телефон сотиб олади. Орадан бироз вақт ўтиб, телефон носоз аҳволга келиб қолган. Фуқаро тадбиркорга бу борада бир неча бор мурожаат қилади, лекин телефон алмаштириб берилмайди.
Мурожаат ўрганилгач, истеъмолчининг телефони бошқа телефонга алмаштириб берилди.
Мурожаатлардан яна бири Когон туманида яшовчи фуқаро Б.Сдан келган. Унда айтилишича, фуқаро «Artel» маиший-техника дўконидан телевизор харид қилади. Афсуски, кўп ўтмай, телевизор сифатсиз экани маълум бўлади. Фуқаро бу ҳақда бир неча бор дўкон ходимларига мурожаат қилган, лекин ўзгариш бўлмайди. Мурожаат ўрганилиб, телевизор сифатлисига алмаштириб берилди.
Шунингдек, Вобкент туманида яшовчи фуқаро Н.А ҳам маиший савдо дўконидан 2 та уяли алоқа воситаси харид қилгани, аммо улар кўп ўтмай, носоз аҳволга келиб қолганини айтади.
Мазкур мурожаат ҳам ўрганилиб, тадбиркор томонидан носоз телефон тўлиқ таъмирлаб берилди.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА