Истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда
Навоий вилоятида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда.
Жумладан, Зарафшон шаҳрининг 12-кичик туманида яшовчи фуқаро Э.Д. томонидан ёзма мурожаат йўлланиб, унда кўп қаватли уй-жой қураётган қурилиш фирмасидан харид қилинган хонадон сифати пастлиги ҳамда белгиланган муддатда топширилмагани сабабли тўланган маблағни қайтариш масаласи кўтарилган.
Мазкур мурожаат мутахассислар томонидан ўрганилиб, унда келтирилган ҳолатлар ўз тасдиғини топди. Натижада қурилиш фирмаси томонидан фуқаро тўлаган 87 миллион сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилди.
Шунингдек, Хатирчи туманида ҳам фуқароларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолдирилмаяпти. “Қорача” МФЙда яшовчи фуқаро Ж. Р. томонидан харид қилинган музлаткич билан боғлиқ муаммо ҳам Хатирчи тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўз вақтида ижобий ҳал этилди. Ўрганишлар давомида мурожаат асосли деб топилиб, истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланди.
Яна бир ҳолатда эса “Полвон ота” МФЙда яшовчи фуқаро Ш. Р. 1091 – ишонч телефонига мурожаат қилиб, туман марказидаги савдо дўконидан 3 миллион сўмга харид қилган кир ювиш машинаси шартномада кўрсатилган маҳсулотдан фарқ қилганини билдирган. Ушбу мурожаат ҳам мутахассислар томонидан ўрганилиб, амалий ёрдам кўрсатилди. Натижада маҳсулот қайтарилиб, шартнома бекор қилинди ва фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилди.
Бундан ташқари, яна бир фуқаро М. М. томонидан ишонч телефонига йўлланган оғзаки мурожаатда 9,2 миллион сўмга харид қилинган музлаткич носоз экани билдирилган. Ҳолат ўрганилиб, истеъмолчининг даъвоси асосли деб топилди ва музлаткич янгисига алмаштириб берилди.
Умуман олганда, бу каби мурожаатларнинг қисқа муддатда ижобий ҳал этилиши истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини кўрсатиб, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири