Истеъмолчига кондиционернинг пули қайтариб берилди
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Тошлоқ туманида яшовчи фуқаро О.Ашурованинг “Ипакчи буюм бозори”дан сотиб олган кондиционернинг талаб даражасида ишламагани ҳолати юзасидан мурожаати ўрганилди.
Унга кўра, О.Ашурова 16 ноябрь куни буюм бозорига кондиционер харид қилиш учун борган. Бу ерда ўзига бироз таниш бўлган тадбиркор А.О. томонидан сотилаётган “Avalon” маркали кондиционерни маъқул кўриб сотиб олмоқчи бўлганида сотувчи унга ҳозир “Artel” маркали кондиционерларга акция кетаётганлигини, қолаверса нархи ҳам арзонроқлигини айтиб, шулардан бирини харид қилишни тавсия қилган.
“Жавоб бераман, ишламаса олиб келаверасиз” деган ваъдага ишониб, “Artel” маркадаги кондиционерни хонадонига ўрнатиб бериш шарти билан, 5 миллион сўмга сотиб олади.
Аммо хонадонга ўрнатилган кондиционер уйни иситиш ўрнига фақат совуқ ҳаво ҳайдайвергач, истеъмолчи сотувчи билан боғланиб, кондиционер яхши ишламаётганини, фақат совуқ ҳаво ҳайдаётганини тушунтиради. Сотувчи хонадондаги электр токи қувватининг етарли даражада эканлигини билиш мақсадида электр устасини юборади.
Уста кондицонернинг тўла қувват билан ишлашига электр токи қуввати пастлик қилаётганлигини айтгач, истеъмолчи сотувчидан кондиционерни “Avalon” маркалисига алмаштирилишини сўрайди. Лекин сотувчи орада нархлар ошиб қолганлигини важ қилиб, алмаштириб бериш ишларини пайсалга солган. Истеъмолчи у ҳолда пулини қайтарилишини талаб қилади ва ўртада келишмовчилик юзага келади.
– “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси талабларидан келиб чиқилса, ушбу ҳолатда истеъмолчига товар ҳақида етарли даражада тўлиқ бўлмаган маълумот берилгани пастроқ электр токи қуввати шароитида тўлақонли ишлай олмайдиган кондиционер сотиб олинишига сабаб бўлган, – деди Марғилон шаҳар ИҲҲҚ жамияти мутахассиси Саидхон Ҳапизов. – Бундай ҳолатда эса истеъмолчи зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинганлиги важи билан, шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.
Истеъмолчининг шаҳар жамиятига қилган мурожаатини ўрганишда қонуннинг мазкур талаблари бўйича сотувчига тушунтиришлар берилди. Ўрганиш якуни билан зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар истеъмолчи хонадонидан олиб кетилиб, унга бундай товар учун тўланган 5 миллион сўм пули қайтарилди.
ЎзА