Истеъмолчига 27 миллион сўм ундириб берилди
Наманган вилояти Чортоқ туманида яшовчи фуқаро “С.Р” Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Чортоқ туман ижро этувчи аппаратига мурожаат қилди.
Мурожаатда фуқаро “С.Р” Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан зотли қуёнлар сотиб олиш учун 27 миллион сўмлик кредит олган эди. Фуқаро зотли қуёнлар сотиб олиш учун “Ҳалол гўшт экспорт” МЧЖ билан 2021 йил 16 апрелда шартнома имзоланган, лекин шу кунга қадар таъминотчи корхона томонидан зотли қуёнлар етказилиб берилмаганлиги тўғрисида норози бўлиб ариза билан мурожаат қилган.
Ушбу мурожаат Чортоқ туман ижро этувчи аппарати томонидан ўрганилиб, жавобгар “Ҳалол гўшт экспорт” МЧЖ раҳбариятига мурожаат тўғрисида хабарнома юборилган. Бироқ жавобгар корхонаси раҳбарияти томонидан ҳеч қандай жавоб олинмагани сабабли жамият Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судига фуқаро манфатини кўзлаб даъво аризасини киритди.
Натижада мазкур иш Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро суди томонидан 2022 йил 20 апрель куни кўриб чиқилиб, фуқаро “С.Р” га нисбатан жавобгар “Ҳалол гўшт экспорт” МЧЖ раҳбарияти томонидан келтирилган зарар 27 миллион сўм ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарилди.
ЎзА