Истеъдодли ёшлар ҳудудларнинг олтин фондига айланади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ёшлари форумида мамлакатимизда қизлар тарбияси, иқтидорли қизларни аниқлаш, уларнинг ўзига хос қобилиятларини юзага чиқаришга кўмаклашиш хусусида алоҳида тўхталди.
Жумладан, Президентимиз нутқидаги:
“Яна бир муаммо – жойларда истеъдодли болаларнинг аксарияти ўз қобилиятини рўёбга чиқариш учун тегишли шароитга эга эмас. Талантли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича жойлардаги ишлар талаб даражасида эмас.
Мисол учун, қайси ҳудуддан қанча Зулфиячи қизлар чиқди? Нечтаси “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлди? Қайси ёш шоир ёки ёзувчининг китоби нашр этилди? Қайси ёш талант республика ёки халқаро танловларда, спорт мусобақалари ва фан олимпиадаларида ғолиб бўлди?
Агар масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, эртага мана шундай ёшлар туман ёки шаҳарнинг “олтин фонди”га айланади ва улар шу ҳудуднинг обрўсини юксалтиришга хизмат қилади.
Шунинг учун ҳар қайси туман ва шаҳар ҳокимига 10-15 нафар мана шундай истеъдодли ёшларни саралаб, уларни ҳар томонлама тарбиялаш ва мунтазам рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш вазифаси топширилади”, деган сўзлар юртимизнинг барча қизларини янада руҳлантиради, десам асло муболаға бўлмайди. Қолаверса, бундай эътибор ўз иқтидор ва қобилиятларини юзага чиқаришда турли муаммоларга учраётган қизларимизга кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги каби умидбахш сўзларидан руҳланиб маҳалламизда ҳам қизлар тарбиясига, шунингдек, ижодкор, фаол, етакчи, тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳамда ҳунар ўрганиш иштиёқидаги қизлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз.
Айни кунда 4 минг 200 нафардан зиёд киши яшаётган маҳалламиз аҳолисининг салмоқли қисмини ёшлар ташкил этади. Унинг кўпчилиги эса қизлардир. Маҳалламиз қизлари орасидан Раънохон Амонова сузиш бўйича Ўзбекистон чемпионлигини, Муслима Эгамбердиева рақс бўйича, Мадинабону Содиқова бадминтон бўйича республика танлов ва мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритган. Тўғри, шу пайтгача қизлар билан иш олиб борар эдик. Бироқ, у нимага қизиқади, унинг қандай иқтидори бор, ўзи ўқиётган таълим даргоҳида, спортда, санъатда қандай муваффақиятларга эришди, унга қандай кўмак зарур, деган масалаларга очиғи унчалик эътибор қаратмас эдик. Президентимизнинг сўзларидан кейин ана шу йўналишларда ҳам тизимли ишлар олиб бориш кераклигини англадик.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари форумидаги нутқи ёшлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, ёшларни янада қўллаб-қувватлаш, уларни ҳудудимизнинг “олтин фонди”га айлантириш борасида зиммамизга улкан вазифалар қўяди. Бундан буён ана шу ишларни янада юқори босқичга кўтаришни фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айлантирамиз.
Табассум Исроилова,
Андижон шаҳридаги “Баркамол” МФЙ раиси.
ЎзА