Истеъдодли спортчи ёшлар Келесда сараланмоқда
Бугун, 11 ноябрь куни Тошкент туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида аёллар кураши бўйича 2003 йилда туғилган ва ундан катта ёшдаги спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати баҳслари бошланди.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан жамоалар қатнашаётган мазкур чемпионатда спортчи қизлар 10 та вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясидан маълум қилишларича, эртага ҳам давом этадиган мусобақалардан кейин ушбу масканда 2005-2006 йилларда туғилган ёшлар ўртасида эркин ва юнон-рум курашлари бўйича мамлакат чемпионатига старт берилади. Унда ёш спортчилар 30 та вазн тоифасида беллашади. 16 ноябрга қадар давом этадиган мусобақаларни бошқариб бориш учун эркин ва юнон-рум курашлари бўйича 30 нафардан зиёд ҳакамлар жалб этилган.
Чемпионат якунларига кўра, спорт курашларининг ҳар икки йўналиши бўйича ушбу ёш тоифасидаги Ўзбекистон терма жамоаси таркиби шакллантирилади.
Мутахассисларнинг эътироф этишича, Келес шаҳарчасидаги баҳслар ёш иқтидор эгаларини саралаш билан бирга, чемпионат беллашувларини назорат қилиб борадиган ҳакамларнинг тажрибасини оширишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Т. Рўзиев, ЎзА