Истеъдод ва ижод уйғунлиги
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими Кўргазмалар саройида истеъдодли рассом Рустам Тавмуратовнинг “Графика” номли шахсий кўргазмаси очилди.
Мазкур кўргазма муаллифнинг илк шахсий ижодий намойиши бўлиб, унда рассомнинг кўп йиллик ҳаёт тажрибаси, ижодий изланишлари ва тасвирий санъатга бўлган юксак меҳри ўз ифодасини топган. Тадбирда сўзга чиққан санъатшунослар ва ижод аҳли рассомнинг босиб ўтган ижод йўли, яратган асарларининг бадиий қиймати ҳақида фикр билдириб, келгусидаги фаолиятига муваффақият тилади.
[gallery-29880]
Кўргазмада Рустам Тавмуратовнинг сўнгги йилларда яратган 60 дан ортиқ графика жанридаги асарлари намойиш этилмоқда. Асарларда муаллифнинг ҳаётга, инсон тақдири ва атроф-муҳитга бўлган ўзига хос қарашлари бадиий талқин этилган.
Айниқса, инсон қиёфаси ва руҳий кечинмалари акс этган портретлар томошабинлар эътиборини тортмоқда. Рассом қаҳрамонларнинг феъл-атвори, ички дунёси ва ҳаётий тажрибаларини юксак маҳорат билан тасвирлашга эришган.
Шу билан бирга, кўргазмада миллий қадриятлар, замон руҳи ва табиат гўзаллигини акс эттирувчи асарлар ҳам кенг ўрин олган. Мазкур ижодий намойиш санъат ихлосмандлари, айниқса ёш авлодда катта қизиқиш уйғотиб, унутилмас таассуротлар қолдирмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА