Ижтимоий тармоқларда Юнусобод тумани, 7-мавзеда яшовчи аҳоли томонидан мурожаат қолдирилган бўлиб, унда фуқаролар, “шу ҳудудга яқин жойда жойлашган исиқхоналарни иситишда “резина” ва “баллонлар”дан фойдаланилаётгани, бунинг натижасида, атрофга тарқалаётган ёқимсиз ҳиддан азият чекиб келаётганликлари”ни баён қилишган.
Мазкур ҳолатни ўрганиш учун жорий йилнинг 12 октябрь куни Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ билан биргаликда, мурожаатда айтилган манзилда бўлдик.
Суриштирув давомида бирма-бир иссиқхоналарни ташкил этган ва ундан фойдаланаётган тадбиркорлар билан мулоқот олиб борилди ҳамда уларнинг фаолияти кўздан кечирилди.
Тадбиркорлар иссиқхоналарни иситишда асосан белгиланган тартибда, кўмир маҳсулотларидан фойдаланиб келаётганликлари, “резина” ва “баллонлар”нинг самараси ҳақида эса маълумотга эга эмасликлари ва улардан фойдаланмасликларини маълум қилишди.
Яна уларнинг таъкидлашича, асосан қишда ва баҳор ойларида айрим ҳолларда кириб келадиган совуқ об-ҳаво шароитидагина, кўмирдан фойдаланилади.
Суриштирув давомида бизга берилган бу изоҳлар билан кифояланмадик, ишчи гуруҳ билан хонадонма-хонадон юрилиб, ҳудуддаги барча иссиқхоналарнинг фаолияти ўрганилди.
Бироқ об-ҳаво ҳарорати белгиланган меъёрларга мувофиқ, совуқ бўлмаганлиги боис, қозонларда айнан нима ёқилаётганлигини аниқлашнинг иложи бўлмади.
Қолаверса, махсус “Эколаб” қурилмаси орқали атмосфера ҳавосидан намуналар олиниб текширилганда, ҳаво таркибида оксид углероди, диоксид, азот, фенол, аммиак ва бошқа шу каби моддалар ўз меъёрида эканлиги, зарарли моддалар мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан тузилган ишчи гуруҳ вакиллари “асосан қиш ойларида бу мазмундаги муаммолар тез-тез ўрганиб турилиши, шу билан биргаликда, ҳар қандай турдаги тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан қатъий назар, экологияга тарқалиши мумкин бўлган заҳарли газларни ўзида тутиб қолувчи махсус филтр мосламаларидан фойдаланиш назарда тутилгани”ни таъкидлашди.
Биз об-ҳаво совиши билан албатта, бу мавзуга яна қайтамиз.
Иссиқхоналар ташкил этилган ҳудудларга яқин жойларда яшовчи аҳолидан эса бу борада янада фаолроқ бўлиш, атроф-муҳит ҳавосининг ифлосланиши ҳолатлари аниқланганда, бу юзасидан Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига мурожаат қилишлари тақозо этилади.
Иссиқхоналар фаолиятини ўрганиш давомида эса яна бир таъбни хира қилувчи манзарага дуч келдик.
Яъни, тадбиркорлардан бири ўзи истиқомат қилиб келаётган хонадон ташқарисида чорва молларини боқиб келаётганлиги, аммо жониворларни сақлашда мавжуд санитар талабларга амал қилмаганлиги сабабли, ариқдаги сувнинг ифлосланганлиги аниқланди.
Ҳолат бўйича далолатнома тузилиб, тадбиркорга тушунтиришлар берилди ва маъмурий жавогарлик тўғрисидаги кодекснинг белгиланган моддаларига мувофиқ, 1 125 000 сўм миқдорда моддий жавобгарлик белгиланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/_2oevWViwaI" title="Issiqxonalarda “rezina” va “ballonlar” yoqilmoqda-mi? — reyd" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
М.Эшмирзаева, Д.Якубов (видео), ЎзА