Иссиқхонадан мўмай даромад олишнинг сири нимада?
Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “Роватак” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи хонадон эгалари томорқадан унумли фойдаланиб, уни асосий даромад манбаига айлантирган.
– 1990 йилларда лимон парвариш қилишни отам бошлаган эди, – дейди томорқадан яхши фойда олаётган фуқаро Баҳодир Саидамиров. – Унинг қизиқиши боис, томорқамизнинг этагига 4-5 туп экиб қўяр эдик. Кейин бизнинг ҳам қизиқишимиз ортиб, иссиқхона ташкил этдик. Кейинчалик йилига 84 туп лимондан 5,5-6 тоннагача ҳосил олинди. Бир туп лимон 120 килодан ортиқ мева берди. Ҳозир лимон кўчатларини янгиладик. Қиш фасли бўлса ҳам тиним билмай иссиқхонада меҳнат қилмоқдамиз.
Ҳозир Саидамировлар томорқасидаги 2 сотихли иссиқхонада апельсин ва мандарин, 8 сотихли иссиқхонада эса лимон кўчатлари парваришланмоқда. Хонадон эгаларининг айтишича, иссиқхонадан яхши даромад олишининг яна бир сири хонадонида 3 та 10 тонналик меваларни сақлаш омборхонаси ҳам борлигидир.

️ Шунингдек, Юқори Чирчиқ туманининг "Истиқбол" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Н.Ҳайитбоев ўз оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, иссиқхона барпо қилди.
Тўрт сотих майдондаги иссиқхонани қуриш ва уни жиҳозлашга 45 миллион сўм сарфланган бўлиб, бугунги кунда 1 минг 350 туп помидор кўчатлари гуллашга тайёр ҳолатга келган.
Н.Ҳайитбоевнинг иссиқхонаси ишга тушганига кўп бўлмаган бўлсада, икки маротаба ҳосил олишга эришди. Оила аъзолари эса иш билан таъминланди.
Мамлакатимизда ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шароит яратиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятининг кўплаб ҳудудида бу борада ўрнак олса арзийдиган оилалар ўз тажрибасига эга.
А.Мусаев, ЎзА