Иссиқхонани ер ости суви иситади
Президентимиз раҳнамолигида озиқ-овқат хавфсизлигини, бозорларда йил давомида нарх барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли дастурхони доимо тўкин-сочин бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳнамолигида озиқ-овқат хавфсизлигини, бозорларда йил давомида нарх барқарорлигини таъминлаш ва аҳоли дастурхони доимо тўкин-сочин бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда шахсий томорқа хўжаликларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти беқиёс. Чунки қишлоқда ҳар бир хонадоннинг ўз томорқаси, шахсий ёрдамчи хўжалиги бор. Ушбу экин майдонларидан мақсадли фойдаланилса, нафақат рўзғор учун зарур қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, балки эҳтиёждан ортганини бозорга чиқариб, даромад олиш ҳам мумкин.Самарқанд вилоятидаги 503 мингдан ортиқ аҳоли хонадонининг 59 минг 500 гектардан зиёд томорқаси бор. Жорий йилда ушбу майдоннинг 11,5 минг гектарига картошка, 18,4 минг гектарига сабзавот, 3,2 минг гектарига полиз ва 14,7 минг гектарига озуқа экинлари экиш режалаштирилган. Шунингдек, 1 миллион 185 минг туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилади.
Вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган аҳоли шахсий ва дала томорқаларидан самарали фойдаланиш, уларга талаб этиладиган моддий ресурсларни етказиб бериш, санитар ҳолатини яхшилаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар ҳар бир маҳалла кесимида аҳолининг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари уруғлиги ва дарахт кўчатларига бўлган эҳтиёжини ўрганиб, уларни етказиб бериш чораларини кўрмоқда.
Оқдарё туманидаги Суғончи маҳалласи аҳли ҳам томорқадан самарали фойдаланиб, рўзғори ободлигини таъминлаб келмоқда. Қишлоқ аҳолиси асосан сабзавот уруғи ва кўчат етиштириш билан шуғулланса-да, иссиқхона ташкил этиб, мўл ҳосил олаётган оилалар ҳам кўп.
Шамсиддин Шихназаров хонадони ана шулардан бири. 15 сотих томорқага эга оила ҳовлининг бир қисмида табиий иситиладиган иссиқхона қуриб, лимон ва сабзавот етиштирмоқда.
– Бизнинг ҳудудда ер ости сувлари жуда яқин – 2-2,5 метрдан сув чиқади, – дейди Шамсиддин ака. – Бундай шароитда ерни қазиб, иссиқхона ташкил этиш қийин. Лекин бунинг ҳам фойдали томонлари бор. Яъни, ер юзасида иссиқхона қуриб, уни ер ости суви билан иситиш. Буни тажрибада синаб кўриш учун беш йил олдин ҳовлида 10x20 метрлик иссиқхона қурдик ва устини икки қават қилиб полиэтилен плёнка билан ёпдик. Иссиқхонанинг бир бурчагидан 1x2 метр кенгликда 2 метр, ер ости сувигача чуқур қазиб қўйдик. Совуқ пайтда сувдан кўтариладиган буғ билан иссиқхонада мўътадил ҳароратни сақлаш мумкин экан. Лимон парваришлашни билмасам-да, китобдан ўқиб-ўрганганларим асосида 10 туп лимон кўчати экдим. Парваришини оби-тобида қилиб, новдаларини кесиб турдим. Меҳнатимиз 2-3 йилда ўз самарасини бера бошлади. Бу йил ҳар бир дарахтдан 60-70 кило ҳосил олдик.
Бу йилги ҳосил йиғиштириб олинган лимон дарахтлари остидаги очиқ ерга Шамсиддин ака помидор уруғи сепган. 20-30 кунда тайёр бўладиган бу кўчат ҳовлидаги иккинчи иссиқхонага экилади ва шу тарзда эрта баҳорда бозорга помидор чиқарилади.
– Меҳнатдан қочмаган, имкониятини билган кишига томорқа ҳақиқий хазина, – дейди Шамсиддин ака. – Оиламизнинг асосий даромадини ердан оламиз. Фарзандларим ҳам бекор қолмайди, ўқиш ва ишдан бўш вақтда, эрталаб ва кечқурун озгина жисмоний меҳнат қилиб, йил бўйи унинг ҳузурини кўрамиз, дастурхонимиз тўкин. Муҳими, доимий ҳаракатда бўлганимиз туфайли тани-жонимиз соғ. Фарзанду набираларимиз болалигидан меҳнатга, ердан самарали фойдаланишга ўрганмоқда.