Исроилликларнинг учдан бири мамлакатни тарк этишга тайёр
Кенг кўламли сўров натижасига кўра, исроилликларнинг 66 фоизи Бош вазир Биньямин Нетаньяхунинг сиёсатидан норози, мамлакат аҳолининг учдан бир қисмидан кўпроғи ҳарбий ва сиёсий беқарорлик шароитида эмиграция қилишни ўйламоқда, деб ёзган “Maariv” нашри.
Респондентларнинг ярми Эрон ҳозирги кампания натижасида заифлашганига ишонади, 41,5 фоизи ўрта, 14,1 фоизи сезиларли даражада кучсизлашганини айтган. 29,4 фоиз иштирокчи вазиятда ҳеч қандай ўзгариш кўрмаган, 14,9 фоиз одам Ислом Республикаси кучайганини таъкидлаган.
Исроил мавқеини баҳолашда ҳам шунга ўхшаш ноаниқлик кузатилган. Сўровда иштирок этганларнинг 37,7 фоизи мамлакат нуфузи кўтарилганига ишонади, 33,4 фоизи заифлашувга ишора қилиб, қарама-қарши фикр билдирган. Тадқиқотда ички инқирознинг сиёсий оқибатига алоҳида урғу берилган. 66,1 фоиз респондент Нетаньяхудан норози. Уларнинг 48,1 фоизи “жуда норози”. Фақат 33,9 фоиз сўралганлар давлат етакчиси фаолиятидан қониқиш ҳосил қилган.
– Айниқса, жамоатчиликнинг истиқболдан норозилиги даражаси хавотирли белги, – дейилган хабарда. – 31,1 фоиз одам мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйлаётганини тан олди. Улардан 14,1 фоизи аллақачон айни йўналишда тегишли қадамни қўйган, 17 фоизи кетишни ўйлаяпти-ю, лекин бирор сабабга кўра бу ишни қилишга имкони йўқ.
“Globes” нашри ёзишича, сўнгги пайт Исроилда яшаш қатор Европа мамлакатларига қараганда қиммат.
Хусусан, Рейхманн университети Теомкин иқтисодиёт мактаби ҳузуридаги “Ааронс” иқтисодий сиёсат институти таҳлилчилари хулосасига кўра, мамлакатда уй-жой ва озиқ-овқат нархи юқорилиги қимматчиликнинг асосий омили сифатида кўриляпти.
Тадқиқот Исроилда товар ва хизматнинг ўртача истеъмол савати Австрия, Нидерландия ва Швецияга қараганда 21 фоиз қимматлиги акс этган. Греция, Кипр, Италия ва Испания билан таққослаганда фарқ 68 фоизга етган.
Таъкидланишича, юқори нарх мамлакатда турмуш даражасини тахминан 14 фоиз пасайтирган. Бу ҳолат кўпчиликда мамлакатни тарк этиш кайфиятини кучайтиряпти.
С.Раҳимов, ЎзА