Исроил зарбалари оқибатида Ливанда 14 киши ҳалок бўлди (+видео)
Эрон таҳдидларига қарамай, Исроил Ливан жанубига зарбалар беришда давом этмоқда, деб хабар берди Euronews.
Амалга оширилган ҳужумлар оқибатида камида 14 киши ҳалок бўлгани маълум қилинди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, зарбалар Тир ва Марвания шаҳарларида амалга оширилган.
Бу зарбалар Исроил ва Эрон ўртасидаги навбатдаги ўзаро ҳужумлар тўхтатилгани ҳақидаги баёнотлардан кўп ўтмай содир бўлди. Вазирликнинг билдиришича, Тир шаҳридаги ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган, 8 нафар фуқаро жароҳатланган. Жабрланганлар орасида Қизил Хоч ташкилотининг тўрт нафар тез тиббий ёрдам ходими ҳам бор.
Ливан Маданият вазирлиги вакили эса Тир шаҳридаги ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлардан бирига зарар етганини маълум қилди.
Кейинчалик Марваниядаги зарба натижасида икки киши, жумладан бир бола ҳалок бўлди, яна 10 киши яраланган. Набатия туманидаги Зифта қишлоғига қилинган эрталабки ҳужум эса 7 кишининг, жумладан суриялик бола ва бир аёлнинг ўлимига сабаб бўлган.
Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ҳизбуллоҳ ҳаракати Ливан ҳудудидаги Исроил ҳарбий кучларига зарба берганини маълум қилди. Бироқ ҳаракат Исроил ҳудудига қилинган ҳеч қандай ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.
Исроил Ливанга ҳужумларни тўхтатмаса, Эрон яна ракета зарбалари бериши билан огоҳлантирди. Эрон Қуролли кучлари марказий қўмондонлиги Исроилга қарши зарбалар тўхтатилганини эълон қилар экан, Ливан жанубидаги ҳар қандай янги ҳужумларга жавобан аввалгидан ҳам қаттиқроқ чоралар кўрилишини маълум қилди. Бунга жавобан Исроил мудофаа вазири Ливандаги Ҳизбуллоҳга қарши амалиётларни давом эттиришини билдирди. Эрон эса Яқин Шарқдаги кенгроқ можарони тугатиш учун Ливанда ҳам ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув бўлиши шартлигини таъкидламоқда.
Ливан маълумотларига кўра, 2 мартдан буён Исроилнинг ҳужумлари оқибатида мамлакатда 3600 нафардан ортиқ киши ҳалок бўлган.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/C4gNIK6Tou0" title="Isroil zarbalari oqibatida Livanda 14 kishi halok bo‘ldi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салим Обиджонов (видео), ЎзА