Исроил Президенти АҚШда бўлиб қайтди
Исроил Президенти Ицхак Герцог кеча АҚШга ташрифини якунлаб, мамлакатига қайтди. У мунозарали суд-ҳуқуқ ислоҳоти атрофида коалиция ва мухолифат ўртасида консенсусга эришиш устида иш бошлади. Бу ҳақда Президент девони матбуот хизмати маълум қилди.
“Давлат раҳбари самолётдан тушибоқ, ҳукумат ва мухолифатни суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича келишувга эриштириш учун саъй-ҳаракат бошлади”, дейилади баёнотда.
29 ҳафтадирки, мамлакатда айни ислоҳотга қарши норозилик давом этяпти.
Ўтган ҳафта Кнессет (парламент) биринчи ўқишда мазкур қонун лойиҳасини қабул қилган эди.
АҚШ Президенти Жо Байден якшанба куни “Axios” порталига берган баёнотида ҳукумат Исроил жамиятида норозилик уйғотган суд ислоҳотини ўтказишга шошмаслиги керак, деб ҳисоблашини айтди.
“Исроил ҳозир дуч келган таҳдидни тўлиқ ҳисобга олган ҳолда, бу ишга шошилишнинг маъноси йўқ, асосий эътибор одамларни бирлаштириш ва консенсусга эришишга қаратиш керак”, деди Байден.
ЎзА