Испанияда аномал иссиқ туфайли хавфнинг “сариқ” даражаси эълон қилинди
Испанияда аномал иссиқ тўлқин аҳоли соғлиғига жиддий хавф солмоқда. Ҳарорат 40°C га яқинлашиб, мамлакатда "сариқ" хавф даражаси жорий этилди.
Мамлакатнинг катта қисмида кузатилаётган ғайритабиий ҳаво маҳаллий аҳоли ҳаётига жиддий хавф туғдирмоқда. Айниқса, жануби-ғарбий ҳудудларда кундузи ҳарорат 40 даражага чиқяпти. “Reuters” ахборот агентлиги ёзишича, юзага келган ноқулай об-ҳаво шароити сабабли, маҳаллий ҳукумат бутун мамлакат бўйлаб хавфнинг “сариқ” даражасини жорий этди. Май ойи ўрталаридан буён давом этаётган ушбу кучли жазирама аллақачон аянчли оқибатларга олиб келди.
Маҳаллий оммавий ахборот воситалари сўнгги икки ҳафта ичида ҳаддан ташқари юқори ҳарорат ва қуёш уриши натижасида камида 36 киши ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берган. Севилья, Кордова ва Сарагоса шаҳарлари аномал иссиқдан энг кўп жабр кўрган. Шифокорлар ва тегишли хизмат ходимлари мазкур шаҳарлар аҳолисига соғлиғини асраш учун кун давомида кўпроқ тоза сув ичиш, қуёш тик келган вақтда кўчага чиқмаслик ҳамда ташқарида қуёшдан ҳимоя қилувчи кремлардан фойдаланишни қатъий тавсия қилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА