Испания ҳарбийлари Сеутадаги мигрантларга ёрдам кўрсата бошлади
Испания қуролли кучлари Сеута мухтор шаҳридаги вақтинча жойлаштириш марказида истиқомат қилаётган юзлаб мигрантларни ичимлик суви билан таъминлашга киришди.
Ҳарбийлар сув етказиб беришни ўз зиммасига олган, полиция ходимлари тартибни сақлаш ва марказга кириш чоғи одамлар тартибсизлик ҳосил қилишига йўл қўймасликни назорат қилмоқда.
Маълумотга кўра, жуда кўп ноқонуний муҳожирлар очиқ ҳавода, оғир шароитда кун кечирмоқда. Улар ерда ухлашга мажбур бўлиб, сув захирасини йиғишга ҳаракат қилмоқда. Мазкур инқироз ўтган ой охирида, Испания Олий суди мигрантларни зудлик билан депортация қилишни тақиқлаб, уларга бошпана сўраш ҳуқуқини бергач, Марокашдан минглаб кишилар шаҳарга ёпирилиб кириши оқибатида юзага келди. Ҳозир Сеутадаги муваққат қабул маркази ҳаддан ташқари тўлиб кетган ва юзлаб одам ҳамон ичкарига кириш учун навбат кутмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА