ISO Бош Ассамблеяси: Ўзбекистон делегацияси халқаро нуфузли тадбирда қатнашмоқда
Париж шаҳри дунё стандартлаштириш жараёнларининг марказига айланди. Жорий йилнинг 28 сентябрь – 2 октябрь кунлари Франция пойтахтида Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ИСО)нинг навбатдаги Бош Ассамблея йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Нуфузли халқаро тадбирда Ўзбекистон Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакиллари ҳам муносиб иштирок этмоқда. Мазкур нуфузли анжуманда халқаро стандартлаштириш тизимини ривожлантириш, глобал иқтисодий жараёнларда стандартларнинг ўрни ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилмоқда.

Хусусан, йиғилиш давомида халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва қўллашнинг замонавий ёндашувлари, соҳадаги илғор хорижий тажрибаларни оммалаштириш ва амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, дунё мамлакатларининг халқаро стандартлаштириш жараёнларидаги иштирокини янада кучайтириш каби муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон вакилларининг ушбу нуфузли анжумандаги фаол иштироки мамлакатимиз учун стратегик аҳамият касб этади. Бу жараён миллий стандартлаштириш тизимини халқаро талабларга мослаштириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Маълумот учун, ISO Бош Ассамблеяси – дунё миқёсидаги стандартлаштириш сиёсатини белгиловчи энг асосий платформалардан бири бўлиб, унда қабул қилинадиган қарорлар глобал савдо-иқтисодий алоқалар ва сифат менежментига бевосита таъсир кўрсатади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА