Ислом тарихидаги мўъжизавий меъморий ёдгорлик
Ислом тарихида Макка, Мадина ва Қуддус шаҳарларидаги каби қадимий масчитлар йўқ. Аммо ўша, дастлабки юз йилликларда дин тарғиботчилари борган юртларида қурган ибодат масканлари орасида ҳамон сақланиб қолганлари бор. Қоҳира, Бейрут, Аммон, Мозори Шариф каби шаҳарларда бўлганимда уларни кўриш, зиёрат ва ибодат қилиш насиб этган.
Қадим Чин юртида ҳам шундай ислом ибодатхоналаридан бири – қадимий масчит мана ўн уч асрдирки, ҳамон эшиклари очиқ. Бу Хитойнинг йиригма икки аср аввал ягона империяга айлангач пойтахт деб эълон қилинган Сиан шаҳридаги мухташам масчитдир. Тарихчиларнинг ёзишича, милодий 700-чи йилларда Сиан шаҳри – Чин империяси пойтахтига араб савдогарлари карвони билан ислом даъватчилари ҳам келган. (Эрамиздан аввалги иккинчи асрда Буюк ипак йўилини очган биринчи карвонлар Сиан шаҳридан йўлга чиққан ва VII-VIII асрга келиб уларнинг ҳаракати гавжумлашган эди) Улар одамларни исломга даъват этиш билан, маҳаллий ҳукумдорга империя таркибидан чиқмоқчи бўлган қўзғолончиларнинг таслим бўлишларида ёрдамлашганлар. Бунинг эвазига император Тан ислом динини қабул қилганларга ибодатхона – масчит қуриш учун ер ва изн берган экан. Сиан қалъаси марказидаги Ноғора минорасига туташ мусулмонлар яшайдиган маҳалла марказида ўша қадимий масчит ҳамон фаолият кўрсатмоқда. Унда ҳозиргача сақланиб қолган тош лавҳаларга ўйиб ёзилган тарихий манбаларга кўра, масжид милодий 742-йилда Тан сулоласи даврида барпо этилган. Демак, унинг тарихи салкам 1300 йилни ташкил этади.
Масжид Сун, Юан, Мин ва Цин сулолалари даврларида бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган. Имомлик вакилининг айтишича, Янги Хитой ташкил топгандан сўнг, Коммунистик партия ва Халқ ҳукумати томонидан масжидни таъмирлаш учун ҳар йили махсус маблағлар ажратиб келинмоқда. Натижада масжид аста-секин улкан ва гўзал тарихий меъморий мажмуага айланган. Кўплаб чиройли кўп қаватли бинолар, супалар, ўқув хоналари ва анжуман заллари мавжуд бўлиб, уларнинг режалаштирилиши ва жойлашуви ниҳоятда пухта бўлгани сабабли мажмуа жуда тантанавор ва муҳташам кўринади.
– Масжиднинг умумий майдони 13 000 квадрат метрдан ортиқ бўлиб, бинолар эса 6 000 квадрат метрдан зиёд ҳудудни эгаллайди, – дейди имомат вакили. – У шарқдан ғарбга қараб тўртбурчак шаклида қурилган ва тўртта ҳовлига бўлинган.
Биринчи ҳовлида улкан бир иншоотга рўпара ҳолда қадимий ёғоч дарвоза қад ростлаб туради. Унинг айланма юқорига қайрилган том қирралари, ва ялтироқ сирланган том ёпқичлари мавжуд бўлиб, шу сабабли у ниҳоятда муҳташам кўринади. Бу арк XVII аср бошларида қурилган бўлиб, унинг тарихи 390 йилдан ортиқни ташкил этади. Аркнинг икки томонида бир нечта ёрдамчи хоналар жойлашган бўлиб, уларда Мин ва Цин сулолалари даврида ясалган айрим қадимий ёғоч буюмлари намойиш этилади.
Иккинчи ҳовлининг ўртасида жойлашган беш бурчакли залдан ўтилгандан сўнг, тўртта устунга таянган, ўзаро туташган учта тош хотира дарвозаси қад ростлаб туради. Асосий дарвозанинг юқори қисмида хитой хаттотлигидаги лавҳа мавжуд бўлиб, унга «Осмон даргоҳи» деб ёзилган.
Дарвозалар атрофида тошдан ўйиб ишланган панжаралар бўлиб, икки томондан ўтиш йўлаклари мавжуд. Бу тош меъморий мажмуа Мин сулоласи даврида барпо этилган. Унинг орқасида аждарҳо тасвирлари ўйиб безатилган икки тош лавҳа ўрнатилган. Уларда Мин ва Цин сулолалари даврида император фармонлари билан масжидни таъмирлаш ишлари ҳақидаги ёзувлар ўйиб туширилган.
Учинчи ҳовлида жойлашган Император зали масжиддаги энг қадимий бинодир. Унда «Ой лавҳаси» деб аталадиган араб тилида ёзув битилган тош мавжуд. У марҳум, замонасининг машҳур имоми томонидан ёзилган бўлиб, мусулмон тавқимини ҳисоблаш усулига бағишланган. Ҳозир бу тош лавҳа Шенси провинцияси ислом дини ривожига алокадор жуда қимматли тарихий манба ҳисобланади.
Ҳовлининг ўртасида «Тафаккур минораси» жойлашган бўлиб, у масжиддаги минор вазифасини бажаради ва бутун мажмуадаги энг баланд иншоот ҳисобланади. У мусулмонларни намозга чақириш учун хизмат қилади. Икки қаватли, уч қатламли саккиз қиррали томи билан бу минора баланд ва мустаҳкам кўринишга эга бўлиб, жуда таассуротлидир. Минорнинг жанубий томонида Расмий қабул зали, шимолий томонида эса Маъруза зали жойлашган. Маъруза залида Мин сулоласи даврига оид қўлёзма – «Қуръони Карим» нусхаси ҳамда Цин сулоласи даврига тегишли Макка шаҳри харитаси яхши сақланиб қолган.
[gallery-26855]
Нозик ғишт ўймакорлиги билан безатилган учта ўзаро туташ эшикдан ўтилганда, охирги ҳовлига кирилади. Бу ерда ташриф буюрувчиларнинг кўзига биринчи бўлиб «Ягона Худо хонақоси» кўзга ташланади. У хитой анъанавий ари ва ибодатхонаси услубларининг уйғунлашувидан ташкил топган ўзига хос иншоотдир.
Ибодатхонанинг марказий қисми асосий тузилма бўлиб, олти бурчак шаклида қурилган, том қирралари юқорига қайрилган ва тепаси бўртиб чиққан. Икки ён томони эса учбурчак шаклда бўлиб, аркдек юқорига кўтарилган.
Бутун меъморий тузилма қанотларини ёйиб, учишга тайёрланаётган хумо қушига ўхшайди. Жуда жонли кўринишга эга бўлгани учун у «Хумо ибодатхонаси» деб ҳам аталади. Унинг том остига аждарҳо нақшлари ўйиб безатилган кичик лавҳа илиб қўйилган бўлиб, ундаги «Ягона Худо» деган ёзув Мин сулоласи давридаги юқори мартабали мансабдор томонидан ёзилган.
Бугунги кунда бу хоналарда Мин ва Цин сулолалари даврига оид кўплаб тарихий ва маданий ёдгорликлар намойиш этилмоқда. Улар орасида 12 бўлак шамшит ёғочидан ясалган, балиқ суяги нақши билан безатилган чиройли пардевор, шунингдек, қадимий стол ва стуллар, чинни идишлар, рассомлик асарлари ва бошқа буюмлар мавжуд. Шимолий хоналарда эса ҳозирда қадимий тош қуёш соати ҳамда Тан сулоласи ва бошқа сулолалар даврида масжидга оид муҳим ёзувлар битилган бир нечта тош лавҳалар сақланмоқда.
Яна олдинга юриб, кенг ва баланд супага олиб чиқувчи зинапоялардан кўтарилганингизда, улуғвор ва муҳташам ибодат зали кўз олдингизда намоён бўлади. Унинг катта том қирралари ва қавсаклари мавжуд бўлиб, томлари кўк сирланган сопол том ёпқичлари билан қопланган. Шифтларига эса 600 дан ортиқ оятлар ўйиб ёзилган бўлиб, барча ҳарфлар ўт-ўлан ва гул нақшларидан иборат ранг-баранг безак шаклларида ифодаланган. Ибодат зали ичидаги деворлар атрофида «Қуръони Карим»нинг барча саҳифалари 600 та йирик ёғоч тахтага ўйиб ёзилган. Шулардан 30 таси хитой тилида, қолганлари эса араб тилидадир.
Бу ўймакорлик ишлари ҳақиқатан ҳам ажойиб санъат намунасидир ва дунёдаги бошқа масжидларда камдан-кам учрайди. Масчитда бир вақтнинг ўзида минг нафар мўмин ибодат қилиши мумкин.
– 1956 йилда масжид Шэнси вилояти ҳукумати ҳимояси остидаги муҳим тарихий ва маданий ёдгорлик сифатида эътироф этилган, – дейди имомат вакили. – 1988 йилда эса унга Хитойдаги энг муҳим ёдгорликлардан бири мақоми берилган. 1978 йилдан, яъни Хитой дунёга очилгандан буён, ушбу масжид 10 миллиондан ортиқ сайёҳ ва 100 дан зиёд давлат раҳбарлари бўлган мусулмон биродарларни қабул қилган.
Муҳаммаджон Обидов, Хитой, Сиан шаҳри.