Ислом Абдураҳмонов: Билимли ва ташаббускор ёшларга таянамиз
Бугун “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов тизимда меҳнат қилаётган ёш мутахассислар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Ташкилот мутасаддилари, гидроэнергетика тармоғида фаолият юритаётган ёш муҳандислар, лойиҳачи ва техник ходимлар иштирок этган тадбирда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги инвестиция лойиҳалари, гидроэлектр станцияларини модернизация қилиш ишлари ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот чоғида Ислом Абдураҳмонов гидроэнергетика соҳасида ёш кадрларнинг ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади.

– Бугун тармоқ олдида катта вазифалар турибди. Янги гидроэлектр станцияларини қуриш, мавжуд қувватларни модернизация қилиш, замонавий бошқарув тизимларини жорий этишда билимли ва ташаббускор ёшларга таянамиз. Сизларнинг ҳар бир ғоянгиз ва интилишингиз тармоқ келажаги учун муҳим. Шунинг учун ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар учун имкониятлар яратиш доимо эътиборимиз марказида бўлади.
Яна бир масала шуки, тизимда ёшлар иштироки 18 фоизни ташкил этади. Бу яхши кўрсаткич эмас. Айни пайтда улардан 35 нафари раҳбарлик лавозимида фаолият юритмоқда. Бироқ ёш хотин-қизлар орасида юқори бўғин раҳбарлари ҳали етарли даражада эмас. Бу борада чоралар кўриш асосий вазифаларимиздан бири, – деди раҳбар.
Шунингдек, мулоқот давомида ёш мутахассисларнинг малакасини ошириш, хорижий тажрибани ўрганиш, илмий ва амалий лойиҳаларда иштирокини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Очиқ ва самимий руҳда кечган учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббуслари билан иштирок этди. Айниқса, гидроэнергетика объектларида рақамли технологияларни жорий этиш, энергия самарадорлигини ошириш ва инновацион ечимлардан кенг фойдаланиш бўйича фикрлар билдирилди.
Тадбирда иштирок этган “Гидропроект” АЖ муҳандиси Комилжон Акромов бу каби учрашувлар ёшлар учун катта мотивация бўлишини қайд этди.
– Бугунги очиқ мулоқот биз учун жуда муҳим. Негаки, соҳа раҳбариятининг ёшларни қўллаб-қувватлаши, фикр ва ташаббусларимизни эшитаётгани бизга янада куч ва ишонч беради. Айниқса, янги гидроэнергетика лойиҳаларида инновацион ёндашувларни қўллаш бўйича билдирилган фикрлар келгусидаги фаолиятимиз учун янада аҳамиятли, – деди у.
Учрашув якунида ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалиётга жорий этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА