Ислоҳотларни илмга таяниб амалга оширамиз
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси – мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа. 2017 йилдан буён анъанага айланган бу тадбирда тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, янги йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинади.
Бу йил эълон қилинган Мурожаатномада ҳам Давлатимиз раҳбари 2023 йилга мўлжалланган олти устувор йўналиш аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Юртимизда 2023 йилга «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном берилиши ҳам Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш, халқимиз фаровонлигини яхшилаш, инсонларга қаратилаётган эътиборни янги босқичга олиб чиқиш устувор вазифа этиб белгиланганлигидан далолатдир.
Хусусан, 2023 йилдан мактаб таълими халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилинади. Бу ишларни тизимли йўлга қўйиш, янги дарсликларни ишлаб чиқиш, маънавиятимиз асоси бўлган она тилимизга эътибор янада кучайтирилади. Мактабларда сифатли таълим тизимига ўтилиши эса мактаб ўқитувчилари ва муаллимларининг масъулиятини янада оширади.
Эътиборлиси, келгуси йили 70 та янги мактаб қурилиб, 460 та мактаб кенгайтирилиши белгиланди. Хусусий инвестициялар иштирокида эса 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланади, келгуси беш йилда уларнинг сони 1 мингтага етказилади.
Шунингдек, сўнгги олти йилда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 27 фоиздан 70 фоизга етиши натижасида бугунги кунда 2 миллионга яқин бола боғчага бормоқда. Келгуси беш йилда эса қамровни 80 фоизга етказиш учун 600 минг янги боғчалар очилади.
Шу боис боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилиши белгиланди.
Мурожаатномада амалга оширилиши кўзда тутилган барча дастур ва мақсадлар юртимизнинг янада ривожланишига, халқимизнинг фаровон яшашига, ёшларимизнинг билимли ва ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишларига хизмат қилишига ишонаман.
Баҳромжон Раҳмоналиев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати