Ислоҳотлар йўли бардавом, ортга йўл йўқ!
Олий Мажлис Сенатининг янги биносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимга киришишига бағишланган тантанали маросим мамлакатимизда демократик ислоҳотлар йўли қатъий давом этишини, бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтилмаслигини яна бир бор тасдиқлади.
Биз давлатимиз раҳбаридан худди шу қатъиятни, жамиятимиз учун ниҳоятда долзарб ҳисобланган худди шу сиёсатни кутдик. Шу боис ҳам қасамёд маросими ва ундаги тарихий нутқ халқимиз томонидан мамнуният билан қарши олинди.
Наинки мамлакатимизда, балки халқаро доираларда ҳақли таъкидланаётганидек, биз ўзгардик, жамият ўзгарди. Ўзгарганда ҳам моҳиятан туб янгиланишлар билан қадди тикланаётган Янги Ўзбекистон феноменига гувоҳ бўлиб турибмиз. Ўтган беш йилдаги ислоҳий саъй-ҳаракатлар натижаларини ўз кўзларимиз билан кўрмоқдамиз. Демократик янгиланишлар ижтимоий ҳаётимизни мазмунан бойитди. Очиқлик, шаффофлик меъёр даражасига чиқди. Йиллар давомида жамият ривожига тушов бўлиб тўпланиб қолган, ҳал этиш мумкин эмасдай туюлган нақд пул, “прописка”, коррупция, сўз ва эътиқод эркинлиги каби масалалар дадил кўтарилди ва уларга конструктив ечимлар қилиндики, бу ўзгаришларни халқимиз мўъжизадай кутиб олди. Агар ўтган беш йилни кунма-кун таҳлил қилинсаям, бирор кун беиз ва бесамар кетмаганига гувоҳ бўлади, одам.
Назаримда, давлат раҳбари сифатида Шавкат Мирзиёев жамият аъзоларига кучли рағбат бера олди, ҳар бир инсонда бор салоҳиятни намоён этишга иштиёқни уйғотди, шахсий ибрати ва кундалик амалий фаолияти билан ҳар биримизда юртга, Ватанга меҳр ва садоқатни амалда бахш этишга ундай олди.
Президентимиз давлат раҳбари сифатида иш бошлаган дастлабки кунлардан Ўзбекистон ташқи сиёсатида бутунлай янги саҳифалар очилди. Раҳбаримиз дипломатиянинг расмий қолипларига эмас, тарихий ҳақиқатга, қадрият даражасига кўтарилган ўзбекона очиқ чеҳралик, самимиятга асосланган, конструктив шерикликка қаратилган муносабатларни қарор топдирди.
Ҳалигача кўз ўнгимизда, 2016 йилдаёқ давлат раҳбаримиз минтақада юзага келган вазиятни юмшатишга қатъий ирода билан киришди. Ўтган қисқа даврда Марказий Осиёда ўзаро биродарлик ва ҳурмат, самимий қўшничилик муносабатларига асосланган стратегик шериклик тамойиллари қарор топди ва ҳозир юзага келган муносабатлардан ҳамма баробар манфаат кўрмоқда.
Президентимиз қасамёд маросимидаги нутқида “Инсон қадри учун” тамойилига алоҳида тўхталди. Бу бежиз эмас. Зеро, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида инсоннинг шаъни муносиб даражага кўтарилиши, унга етарли турмуш, меҳнат, илм олиш шароитлари яратиш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш устувор аҳамият касб этиши белгиланмоқда. Бинобарин, бу ёруғ дунёда ҳар қандай эзгу амал ва фаолият инсон учун, унинг бахт-саодатига йўналган бўлади. Шу маънода бугун мамлакатимизда бошланган ва изчил давом этаётган ислоҳотлар фақат ва фақат инсон манфаатларига, қадр-қимматини, иззат-икромини жойига қўйишга қаратилгани билан алоҳида эътиборга моликдир.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш “инсон – жамият – давлат”, деган янги тамойил асосида ташкил этилиши муносабати билан еттита устувор вазифа белгилаб берилди. Инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартлари мужассам бўлган устувор йўналишлар орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадр-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонада қизғин давом эттирилиши кўзда тутилмоқда.
Адолат ва қонун устувор бўлган халқчил давлат қуриш, миллий иқтисодиётни замон талаблари даражасида ривожлантириш, инсон капиталини ривожлантириш учун сифатли таълим-тарбияга эътибор қаратиш каби ислоҳий йўналишлар орқали катта мақсадларга етиш кўзланмоқда. Жумладан, мамлакатимизнинг янги тараққиёт йўлида жамиятимиз аъзоларининг тенг ярмини ташкил этувчи хотин-қизлар, муҳтарама аёлларимизга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш масаласига алоҳида урғу берилди.
Маълумки, ўтган қисқа даврда бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу борада қонунчилик базаси мустаҳкамланмоқда. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш учун мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар муайян натижаларни бермоқда. Айни вақтда олдимизда ҳали ҳал этилиши керак бўлган, жамиятимизда аёлнинг, оналарнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, муаммоларини бартараф этиш, қизларимизнинг салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтаришдек шарафли вазифа турибди. Президентимиз ана шу мақсадни кўзлаб мамлакатимизда Миллий дастур қабул қилинишини эълон қилди.
Дарҳақиқат, бу жуда олийжаноб эзгу мақсад ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Чунки миллионлаб оилаларнинг оқила бекалари ҳисобланган аёлларимизга, жамиятимиз маънавияти ва маърифати учун фидойи оналаримизга, ақлли, зукко, илм-фанда бор салоҳиятини намоён этишга қодир қизларимизга юксалиш, янги имконлар эшигини очади, уларнинг қадр-қимматини оширади, ижтимоий дахлдорлик кучайишига хизмат қилади. Айниқса, дастурни миллий анъаналаримиз, тарихий маърифатимиз, боқий қадриятларимиз асосида ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши жамият ривожига, халқимиз ҳамжиҳатлигига хизмат қилади.
Маҳмуджон ПАРПИЕВ,
Олий Мажлис Сенатининг
Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари