Ислоҳотлар натижаси амалда
Мамлакатимизда инсон манфаатлари, ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш ва аҳоли турмуш сифатини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада ҳар бир ҳудуднинг иқтисодий имкониятларини рўёбга чиқариш, замонавий инфратузилма яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов Учқудуқ туманига ташриф буюриб, ҳудудда иқтисодий, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини қамраб олган ташаббуслар билан танишди.
Дастлаб Мустақиллик маҳалласидаги Амир Темур кўчасини замонавий “24/7 хизматлар кўчаси”га айлантириш бўйича йирик драйвер лойиҳа тақдим этилди.

Умумий қиймати 35,7 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа 2026 йил декабрь ойида тўлиқ фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 11 та янги хизмат кўрсатиш объекти ташкил этилади. Улар орасида замонавий савдо дўконлари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, молиявий хизматлар маркази ҳамда таълим муассасаси фаолият бошлайди. Шу билан бирга, кўчадаги мавжуд тадбиркорлик субъектларининг бир қисми ўз фаолиятини кенгайтиради.

Ташаббус натижасида 150 та янги доимий иш ўрни яратилиши, хизматлар ҳажмини 90 миллиард сўмга етказиш ҳамда маҳаллий бюджетга ҳар йили қўшимча 3,6 миллиард сўм тушум тушишини таъминлаш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 1290 метр пиёдалар йўлаги таъмирланиб, замонавий ёритиш тизимлари, декоратив аркалар ва дам олиш ҳудудлари барпо этилади.
“Шанба ярмаркаси” номи билан машҳур бўлган бозор ҳудудида эса аҳоли ва тадбиркорлар учун қулай шароитлар яратилмоқда.
Бугунги кунда мазкур ҳудудда замонавий савдо расталари барпо этилган, 3500 квадрат метр майдон асфалтланган, харидорлар учун кенг ва қулай ҳаракатланиш йўлаклари ташкил қилинган. Бу ишлар узоқ йиллар давомида аҳолини қийнаб келган инфратузилма муаммоларини босқичма-босқич ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Туман марказидаги Ифтихор маҳалласида жойлашган “Орзу” истироҳат боғида ҳам кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур маскан аҳоли ташаббуси билан “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида ғолиб деб топилган ва уни модернизация қилиш учун 1,6 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Лойиҳа доирасида янги “Чархпалак” қуриш, болалар ва ёшлар учун кўнгилочар майдонларни кенгайтириш, замонавий воркаут майдончасини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, туманнинг ўзига хос рамзларидан бири ҳисобланган “Менинг Учқудуғим” майдонидаги “Учқудуқ” стелласи таъмирланиб, атроф-ҳудуд ободонлаштирилади.

Ташриф давомида вилоят ҳокими стратегик аҳамиятга эга бўлган иссиқлик таъминоти тизимини модернизация қилиш лойиҳаси билан танишди.
Қиймати қарийб 118 миллиард сўм бўлган лойиҳа доирасида шаҳар марказий қозонхонаси ва иссиқлик тармоқлари босқичма-босқич янгиланмоқда. Шу мақсадда 1965 йилда қурилган, техник жиҳатдан эскирган қозонхона ўрнида 65 миллиард сўмлик замонавий иссиқлик мажмуаси барпо этилди.
Энг муҳими, шаҳардаги кўп қаватли уйлар, таълим ва ижтимоий муассасаларга хизмат кўрсатувчи 40 километр иссиқлик ҳамда иссиқ сув тармоқлари тўлиқ янгиланади. Эски қувурлар ўрнига юқори энергия самарадорлигига эга махсус изоляцияланган қувурлар ётқизилмоқда.

Таҳлилларга кўра, лойиҳа натижасида ҳар йили 4,2 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади, 358 минг куб метрдан ортиқ ичимлик суви иқтисод қилинади. Бу нафақат иқтисодий самарадорликни оширади, балки ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлайди.
Ташриф давомида Йўлчилар овулида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳам кўздан кечирилди.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” лойиҳаси асосида овулда умумий қиймати 5 миллиард сўмлик инфратузилма ишлари амалга оширилмоқда. Ичимлик суви ва электр тармоқлари янгиланмоқда, ички йўллар асфалтлаштирилиб, кўчаларни ёритиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, болалар ва спорт майдончалари барпо этилмоқда. Тадбиркорлар томонидан қиймати 9,6 миллиард сўмлик 21 та хизмат кўрсатиш лойиҳаси амалга оширилиб, натижада 50 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Бу лойиҳалар маҳаллаларни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолига қулай инфратузилма яратиш ва тадбиркорликни рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Учқудуқ аҳолиси ва меҳмонлари учун туман марказидаги “Олтин кўл” дам олиш масканида бунёдкорлик ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошлаб юборилган.

Республика бюджети ҳисобидан ажратиладиган 4,5 миллиард сўм маблағ эвазига мазкур ҳудудда замонавий жамоат парки ташкил этилади. “Соҳил бўйи” лойиҳаси доирасида пиёдалар ва велосипед йўлаклари, замонавий ёритиш тизимлари, дам олиш майдончалари ва кенг кўламли кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилади.

Шунингдек, соҳил бўйида савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш орқали янги тадбиркорлик имкониятлари яратилади. Бу эса ҳудуднинг туристик жозибадорлигини ошириш ва хизматлар соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.
Бугун Учқудуқда бошланган ушбу ўзгаришлар нафақат туман қиёфасини янгилайди, балки аҳоли фаровонлигини ошириш билан бирга иқтисодий юксалишга ҳам сабаб бўлади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири