Ислоҳотлар инсон қадри учун
Президентимизнинг жорий йил 25 апрелдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимида ишлаётган тиббиёт ходимлари зиммасига катта масъулият юклади.
Соҳа ходимларининг ўз устида ишлаши, аҳолини бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларига эмас, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига янада яқинлаштириш борасидаги ишларни ташкил этишда дастуриламал бўлмоқда.

Замонавий тиббиётда касалликлар профилактикаси биринчи ўринда туради. Бу эса касалликларни эрта босқичларда аниқлаш ва даволаш имконини беради. Бирламчи тизим яхши йўлга қўйилса, хизмат кўрсатиш кулами кенгайиб, касалликлар барвақт аниқланса, даволаш ишлари эрта босқичларда олиб борилса соҳада юқори самарадорликка эришилади. Ортиқча харажат, ресурслардан фойдаланиш сарфи камаяди.
Жорий йилнинг ўтган вақтида Сирдарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида 12 турдаги инструментал диагностик, 12 турдаги лаборатория текширувлари, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда 19 турдаги диагностик ҳамда 16 турдаги, бепул лаборатория текширувлари, "Электрон поликлиника" тизими йўлга қўйилди.

Бу бемор, унинг яқинлари учун қулайликларни яратибгина қолмай, турли оворагарчиликларга барҳам берди. Беморлар шифокор қабулида навбат кутиб туришига ҳожат қолмади. Шу билан бирга, врач ва оила шифокори қабулидаги бемор диспансер ҳисобда туриш ёки турмаслиги ҳамда ногиронлиги ҳақидаги маълумотларни ўша муассасаларга бормай, “электронли ҳукумат” тизим орқали олиш имкони яратилди.
– 2007 йилда Сирдарёда 161 та соғлиқни сақлаш муассасаси мавжуд бўлган бўлса, бугунга келиб улар сони 261 тага етказилди, – дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Рустам Юлдашев. – Олис, бориш қийин бўлган ҳудудлар дислокацияси ишлаб чиқилиб, унга асосан ушбу ҳудудларда 35 та маҳалла тиббиёт пункти фаолияти йўлга қўйилди. Ёки бўлмаса, дори воситалари ва тиббий буюмлар хариди учун ажратилган маблағ 8,3 баробарга кўпайиб, 32,3 миллиард сўмга, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш кўламини янада кенгайтириш учун ажратилган маблағ 2016 йилда 156,2 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 522,7 миллиард сўмга етди.

Энг муҳими, бирламчи тиббий-санитария муассасалари қамровини янада кенгайтириш, хизмат кўрсатиш кўламини янада ошириш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида, умумий амалиёт шифокорлари оилавий шифокорга айлантирилиб, бир нафар оила шифокори, 5 нафар ҳамширадан ташкил топган "Тиббий бригада"лар таркиби тузилди. Вилоятдаги 236 та маҳалла аҳолиси учун 421 та "Тиббий бригада" фаолияти йўлга қўйилиб, аҳоли қамраб олинди.

– Бугунги тиббиёт олдинги тиббиёт тизимидан тубдан фарқ қилади, – дейди Боёвут тумани "Янги авлод" маҳалласида яшовчи фуқаро Насиба Ҳамидова. – Бизга бириктирилган оила шифокори ва оила ҳамшираларимиз бор. Улар соғлигимизни назорат қилиб боради. Жиддий муаммо туғилса туманга йўналтиради.
Инсон саломатлиги буюк неъмат. Бугун олдингидан фарқли ўлароқ, Сирдарёда ҳам аҳоли саломатлигини сақлаш, уларга намунали тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда.

Ш.Суяров, Ф.Тошматов (сурат), ЎзА