Ислоҳотлар ҳудудлар ривожига хизмат қилади
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва янгиланишлар замирида “Инсон қадри учун” эзгу тамойили мужассам. Бунда ҳар бир ҳудуднинг имконияти, салоҳияти ва мавжуд ресурсларидан оқилона фойдаланиш орқали халқимизнинг турмуш тарзини янада ошириш, кундалик ҳаётидаги муаммоларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорининг қабул қилингани ҳам мамлакатимизда ислоҳотлар ҳудудлар бўйича манзилли олиб борилаётганидан далолат беради.
Таъкидлаш жоизки, халқ билан очиқ мулоқот натижалари асосида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат вилоятнинг кейинги уч йиллик мақсадлари, устувор вазифаларини тўлиқ ўз ичига олган десак, муболаға бўлмайди. Мазкур қарорга асосан ҳудудда аҳоли даромадларини ошириш мақсадида пахта ва ғалладан қисқартирилган ҳамда аҳоли пунктларига яқин ва сув таъминоти яхши бўлган 10 минг 530 гектар экин майдонлари деҳқон хўжалиги юритиши учун аҳолига ижарага берилиши белгиланганлиги ҳам аҳоли манфаатларини ўйлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яққол намунасидир.
Шунингдек, вилоятнинг асосий мақсадли кўрсаткичларини сезиларли даражада оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, жорий 2023 йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 59,4 миллиард сўмга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 24,1 миллиард сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 31,5 миллиард сўмга, хизмат кўрсатиш ҳажмини 19,9 миллиард сўмга, даромадли меҳнат билан банд бўладиган аҳоли сонини 440 минг нафарга, ҳудудий экспорт ҳажмини 325,9 миллион АҚШ долларга етказиш белгиланган.
Туризм йўналишида 2023 йил якуни билан хорижий туристларни 150 минг нафарга, маҳаллий туристларни 1,6 миллион нафарга етказиш орқали 14 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Шу билан бирга Шаҳрисабз туманининг Мираки, Сувтушар ва Сарчашма, Китоб туманининг Қайнар ва Башир, Қамаши туманининг Бештерак, Чироқчи туманининг Қалқама ҳамда Миришкор туманининг Жейнов қишлоқларида туризмни ривожлантиришни устувор вазифа сифатида белгилангани ҳам чин маънода соҳа ривожи учун муҳим ўрин тутади.
Ҳудудда 2023-2024 йиллар давомида тўқимачилик саноатида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 32 фоиздан 66 фоизга етказиш ва бунинг учун 31 миллиард сўм маблағ ажратиш назарда тутилмоқда. Аҳолининг узлуксиз электр таъминотини яхшилаш ва барқарорлигини ошириш мақсадида 751 километр узунликдаги электр узатиш тармоқлари ҳамда 189 дона трансформатор пунктларини реконструкция ва модернизация қилиниши белгиланган. Сув таъминотини янада яхшилашга 145 миллиард сўм маблағ ажратилаётганлиги коммунал соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этилишида муҳим аҳамият касб этади, албатта. Бундан ташқари, таълим йўналишида 14 та инвестиция дастурига мувофиқ 380 та оилавий боғчалар ташкил этиш учун 52 миллиард сўм субсидия ажратиш ҳисобига мактабгача таълим қамровини 60 фоизга етказиш, шунингдек, ҳар бир ҳудудда 1 тадан, жами 16 та мактабларда Финляндия модели асосида таълим жараёнини ташкил этилади. 14 та мактабга қўшимча 4 та янги бино қурилиши ҳам ёшлар таълимига қаратилаётган эътибор самарасидир.
Шубҳасиз, мазкур қарорнинг ижроси ўз вақтида, сифатли таъминланиши улкан имкониятлар билан бирга, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш фаровонлигини тубдан яхшилашга хизмат қилади. Қолаверса, қўйилган мақсадларга эришишда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш, барча имконият ва ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда бажарилаётган ишлар устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамият касб этади.
Шундай экан, бугунги туб ўзгариш ва ислоҳотларни юртимиздаги ҳар бир фуқаро онгига етиб боришини ташкил этиш, уларда дахлдорлик ҳиссини уйғотиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлиши лозим.
Даврон Шодмонов,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати
Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари, вилоят Кенгаши депутати
ЎзА