Ислоҳатлар ўз самарасини бермоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 11 сентябрдаги “Электр энергетикаси соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда электр таъминоти сифатини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида Сирдарё вилоятида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилмоқда.
Айниқса, электр таъминоти мураккаб бўлган 101 та маҳаллада олиб борилаётган қурилиш ва реконструкция ишлари ҳудудлар инфратузилмасини тубдан янгилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Тармоқлар босқичма-босқич модернизация қилиниб, эскирган тизимлар замонавий муҳандислик ечимлари билан алмаштирилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, жами 270,8 километр электр узатиш тармоқларини тортиш ҳамда 81 та трансформатор пунктини ўрнатиш белгиланган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 89,5 километр янги тармоқлар тортилди, 2084 та темир-бетон устун ўрнатилди ва 4 та янги трансформатор пункти ишга туширилди.
– Бу ишлар, айниқса, электр кучланиши паст ҳудудларда таъминот барқарорлигини оширишга хизмат қилмоқда, – дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали капитал қурилиш масалалари бўйича директор ўринбосари Аброр Тўрабеков. – Шу билан бирга, йўқотишларни камайтириш ва техник носозликларни бартараф этишга қаратилган ишлар тизимли равишда давом этмоқда.

Вилоят ҳокимлиги, прокуратура ва мутасадди идоралар ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан 1149 та трансформатор пункти ўрганилиб, уларнинг техник ҳолати ва юкламаси баҳоланди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чоралар кўрилмоқда.
Соҳада рақамлаштириш жараёнлари ҳам изчил давом этмоқда. 56 та концентратор қурилмаси, 126 та алоқа модули ва 922 та электрон ҳисоблагич ўрнатилиб, 1118 та ҳисоблагич АСКУЭ тизимига уланди. Шунингдек, 1213 та қурилманинг алоқа тизими қайта тикланди.
– Молиявий интизомни мустаҳкамлаш борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилди. Дебитор қарздорлик йил бошига нисбатан 16,4 миллиард сўмга қисқартирилди, – дейди Аброр Тўрақулов.

Кадрлар тайёрлаш йўналишида ҳам амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Сирдарё ҳудудий филиали ўртасида жорий этилган дуал таълим тизими талабаларнинг ишлаб чиқариш жараёнларида бевосита иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизими ҳам назоратда. Биринчи чорак давомида келиб тушган 410 та мурожаатнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Ғулом Примов, ЎзА