Искандар ота Қаландаров шукронаси
Искандар Қаландаров 1921 йилда Ғиждувон тумани, “Ғовшун” маҳалла фуқаролар йиғини Қуйиқирғизлар қишлоғида туғилган.
– 1942 йил 15 май куни урушга кетганман, – дейди Искандар ота Қаландаров. – Ленинград ва Новгород шаҳри остоналарида бўлган жангларда иштирок этиб, мудҳиш урушнинг азобли, оғриқли, айрилиқ кунларини кўрдим. Сира унутиб бўлмайди. Сафимизда бўлганлардан айрилиб борардик. Эр йигитларга хос жасорат, матонат билан душманга қарши курашдик. Тўп овози, снарядлар шовқини ҳар дақиқада фашистларга бўлган нафратимизни оширарди. Бир куни душман томонидан отилган снаряд ўқи биз жойлашган кулбага келиб тушди. 5 киши ўтиргандик, том босиб қолди. Жанггоҳдаги уч сафдошимиз шу ерда жон берди.
Оғир жароҳат олдим, иккита госпиталда ётиб даволандим. Германия устидан қозонилган ғалабадан сўнг Японияга қарши урушда ҳам иштирок этдим. 1946 йилда қишлоққа қайтдим. 1948-1951 йилларда Самарқанд қишлоқ хўжалиги техникумида таҳсил олдим. 1953-1967 йилларда тумандаги Лермонтов номидаги ўрта мактабда хўжалик ишлари мудири вазифасида ишладим. 1967-1981 йилларда туманнинг, “Ғовшун” қишлоқ совети, Калинин номидаги жамоа хўжалигида бригадир, омбор мудири лавозимларида ҳам фаолият юритдим. 1981 йилда нафақага чиқдим. “Улуғ Ватан уруши қатнашчиси”, “Меҳнат фахрийси”, “Жасорат” медали ва бошқа қатор жанговар медаль ва орденлар билан тақдирландим. Саккиз нафар фарзандни улғайтирдим, эл корига камарбаста фарзандлар этиб тарбияладим. Айни кунларда 30 нафар невара, 34 эвара ҳамда бир нафар чеварам ардоғидаман. Кўксим тўлиб, ғурурланиб, шукрона айтаман, Ватанимиз тинч, осуда. Доруламон кунлар қадрига ҳар қачонгиданда кўпроқ етишимиз керак. Азиз ўғил-қизларимга, тинчлик улуғ неъмат эканлигини такрор-такрор айтаман. Меҳр-оқибатли бўлинг, ҳамжиҳат бўлинг.
Зариф Комилов, ЎзА