
Самарқанд вилоят солиқ бошқармаси раҳбарлари тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш мақсадида Иштихон туманида кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар, солиқ ставкалари ва имтиёзлари хусусида тушунтиришлар берилди. Тадбиркорларнинг алкогол маҳсулотларига доир аксиз солиғи ҳисоботини юборишда ҳамда алкогол маҳсулотлари чакана савдоси учун лицензияни бекор қилиш, онлайн назорат касса аппаратидан фойдаланиш, норизидент юридик шахсларнинг акциялар бўйича дивидент тарзидаги фойда солиғи бўйича имтиёзлар каби масалалар юзасидан мурожаатларига бошқарма масъуллари атрофлича жавоб берди.
[gallery-23349]
Жумладан, тумандаги “Ал-Азиз” МЧЖ раҳбари Робия Эшқулова барқарорлик рейтинги бўйича ўз ери бўлса ҳам балл берилмасдан минус балл ҳисобланаётганлиги тўғрисида мурожаат қилди. Унга Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 январдаги 55-қарори билан тасдиқланган “Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом” ва унда белгиланган тартиблар тушунтирилди.
Тадбирда тумандаги намунали солиқ тўловчилар қатор номинациялар бўйича тақдирланди.
Солиқ бошқармаси раҳбарлари туманда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан ҳам танишиб, солиқ қонунчилигидаги янгиликлар бўйича суҳбат ўтказди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари