Иштихондаги маҳаллалар янги бинода иш бошлади
Самарқанд вилояти Иштихон туманида 62 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Акбар Янгибоевнинг маълум қилишича, барча маҳаллалар ўз биносига эга. Лекин барчаси ҳам замонавий шарт-шароитга эга бўлмагани учун уларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Биргина жорий йил бошидан буён 13 та маҳалланинг хизмат бинолари янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами арафасида яна бешта маҳалла фуқаролар йиғини янги бинода фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлди.
– “Соҳибкор”, “Тупор”, “Иштихон” маҳалла фуқаролар йиғинларининг бинолари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилган бўлса, Тойтуёқ ва Равот маҳаллалари бинолари “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида бунёд этилди, – дейди А.Янгибоев. – Бу биноларда шунингдек, аҳолига савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, кичик тикув цехлари ҳам ташкил этилди. Бу маҳаллаларда аҳоли учун кенг имкониятлар яратади. Йил якунига қадар яна 6 та маҳалламиз янги, замонавий бинога эга бўлади.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА