Ишсизликдан ҳоли ҳудудлар кўпаймоқда
Президент топшириғи амалда
Тошкент вилоятида аҳоли муаммоларини ўрганиш, уларга жойида ечим топиш мақсадида мутасаддилар томонидан “маҳаллабай” тизими асосида кўплаб ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бермоқда.

Маълумки, Президентимиз раислигида 16 июнь куни ислоҳотлар натижадорлиги, ҳудудларда ишларнинг бориши ва аҳолини қийнаётган масалалар таҳлили бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ҳудудларда бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, инвестиция ва экспортни яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, аҳоли тадбиркорлигини ва иш ўрни яратишни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.

Таҳлилларга кўра, ҳудуд бўйича жорий йил бошидан 298 минг ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди, 14 мингта камбағал оилага хизматлар кўрсатилди. Жумладан, “Сайхунобод тажрибаси” асосида жами 1,1 триллион сўм миқдоридаги 23,4 минг микролойиҳа амалга оширилди. Натижада 49 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди.
Тижорат банклар томонидан кичик ва ўрта бизнес, аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш учун кредит маблағлари ажратилмоқда. Бу бўйича ажратилган маблағлар охирги 5 ойлик режага нисбатан 129 фоизни, ўтган йилга нисбатан эса 216 фоизни ташкил қилди.

Масалан, имтиёзли кредитлар ажратилиши туфайли Бекобод тумани Боғишамол маҳалласидан Умида Алтмишова, Илғор маҳалласидан Нилуфар Абдуллаева ҳамда Маллабой маҳалласидан Дилбар Худойназарова тикувчилик фаолиятини ташкил этиб, ойига 5,5 – 6,5 миллион сўм даромад топмоқда. Бундан ташқари, масъуллар томонидан маҳаллада оилавий тадбиркорлик ортидан самарали даромад олаётганлар тажрибасини оммалаштириш чоралари кўрилмоқда.
Олмалиқ шаҳри кончилик ва саноатга ихтисослашган ҳудуд бўлса ҳам маҳаллалардаги айрим фаол аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. Республика ишчи гуруҳи ва шаҳар масъуллари ҳамкорлигида “Ҳилол” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Жамолиддин Ҳайдаров хонадонида амалий семинар ташкил этилди. Унга маҳаллада истиқомат қилувчи томорқасидан фойдаланмаётган фуқаролар жалб қилинди.

Жараёнда иссиқхоналарда бодринг, помидор, булғор қалампири, редиска ва зиравор ўсимликлар етиштириш бўйича кўргазмали мисоллар асосида тажриба алмашилди. Хонадон эгаси Ж.Ҳайдаров ҳам ер тайёрлаш, сифатли сабзавот уруғларини танлаш, кўчатларга ишлов бериш ҳамда ўсимлик касалликларига қарши курашиш бўйича ўз тавсияларини берди. Шунингдек, фуқароларга банк хизматлари ва мавжуд имтиёзлар юзасидан маълумотлар ҳам етказилди.
– Ҳудудларда аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган меҳнат ярмаркалари ҳам ўз натижасини бермоқда, – дейди Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдашов. – Хусусан, Чирчиқ шаҳар Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан Наврўз, Ҳамза ва Муравват маҳаллаларидаги ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш ва уларни ишга жойлашишига кўмаклашиш мақсадида ўтказилган меҳнат ярмаркаси ҳам самарали бўлди. Унда ҳудуддаги 28 та корхона ва ташкилотлар ўзларидаги мавжуд бўш вакант иш ўринларини аҳолига таклиф қилди. Кўплаб фуқаролар ишга жойлашиш учун йўлланмалар олди.
Умуман олганда, мамлакатимизда аҳолини ҳар жиҳатдан ижтимоий ҳимоялаш, уларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ва даромад манбаини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни мунтазам равишда амалга ошириш мақсадга мувофиқдир.
А.Мусаев, ЎзА