Ишсизлар бандлиги таъминланмоқда
Президент топшириғи амалда
Президентимизнинг Тошкент вилоятига қилган ташрифида ишсизликни камайтириш, аҳоли даромадини ошириш бўйича муҳим топшириқлар белгиланди. Ҳозирда, топшириқларни самарали ҳал этиш бўйича вилоятнинг барча ҳудудларида саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Биринчи навбатда 78,9 минг нафар ишсизни йил якунига қадар турли йўналишларда бандлиги таъминлаш чоралари кўрилади. Жумладан, “Сайхунобод тажрибаси” асосида 7,8 мингта микро-лойиҳани амалга ошириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун ажратилган 300 миллиард сўмдан ортиқ молиявий ресурслар ҳисобига 34 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.

“Уйчи тажрибаси” бўйича эса тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан ҳар ҳафтада тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилмоқда. Уларнинг муаммоларини ҳал этиш, фаолиятини кенгайтириш ҳисобига 33 мингдан зиёд аҳоли доимий иш жойига эга бўлади.
– Бундан ташқари, вилоятдаги саноат корхоналари ва ташкилотлардаги мавжуд вакант иш ўринларига мутахассислар тайёрлаш мақсад қилинмоқда, – дейди Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Зиёдбек Йўлдашов. – Мисол учун, Бўка туманидаги қуёш фото-электростанциясининг қурилиш ишларига “China Datang Overseas Investment Co Ltd” компанияси томонидан 700 та вакант иш ўринлари таклиф этмоқда. Бунда, шу жойнинг ўзида ўқитиш ишлари ҳам ташкил этилган. Натижада эса, Нурафшон, Ангрен, Олмалиқ, Янгийўл, Оҳангарон шаҳарлари, Оҳангарон, Бўстонлиқ, Зангиота, Тошкент туманлари ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланади.

“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури бўйича жойларда ташкил этилган меҳнат ярмаркалари кўплаб аҳолининг бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Шундай меҳнат ярмаркаси Паркент туманида ўтказилди. Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони ижроси бўйича Паркент тумани ҳокимлиги ҳамда туман Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигидаги мазкур амалий тадбирда соҳа мутахассислари иш излаб келган фуқаролар билан суҳбатлашди.

Тумандаги 50 дан ортиқ корхоналар 200 гача бўш иш ўринларини таклиф қилди ва кўплаб фуқаролар билан меҳнат шартномалари тузилди. Шунингдек, Ангрен шаҳрида ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва уларнинг кундалик даромад манбаларини яратишга кўмаклашиш мақсадида ҳар бир маҳаллаларда масъуллар хатлов ўтказди. Биринчи галда эҳтиёжманд оилалар шароитлари, мавжуд имкониятлари бирма-бир ўрганилди. Шу асосида камбағаллик даражасига тушиб қолган оилаларга тикув машиналари берилди. Биргина “Соғлом” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Гулноза Ғофурова ҳам дастлаб касб-ҳунарга ўқиди. Унга ҳам ҳоким ёрдамчиси тавсияси бўйича субсидия асосида тикув машинаси берилди.

Айтиш мумкинки, йил охиригача Ангренда яна 40 нафардан зиёд хотин-қизларга тикув машиналари берилиши режа қилинган. Бу каби саъй-ҳаракатлар жойларда давом этмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.