Ишсиз ёшлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда
Сирдарё вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари учун очиқ мулоқот ўтказилди.
– 2024 йилда ишсиз ва банд бўлмаган фуқароларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича белгиланган режа 5000 нафар бўлиб, амалда 7060 нафар тингловчи, шундан 5031 нафари Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари йўлланмаси асосида, 2029 нафари эса пуллик хизматлар орқали касб-ҳунарга ўқитиш учун юборилди,–деди бошқарма бошлиғи ўринбосари Нурулла Маматқулов. – Улар белгиланган дастур асосида Гулистон шаҳридаги "Ишга марҳамат" мономарказида 21 та, Сардоба туманидаги "Ишга марҳамат" мономарказида 9 та, Оқолтин туманидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказида 7 та, Сайхунобод туманида 5 та, Ховос туманида 9 та йўналиш бўйича ўқитилди.

Марказларда косметолог, уқаловчи, эркаклар сартароши, аёллар сартароши, тикувчи, ошпаз, қандолатчи, заргарлик, ёш болалар учун энага, тарбиячи ёрдамчиси, сантехник ва чилангарлик ишлари устаси, электрик, пайвандлаш ишлари устаси, автосервис хизмат кўрсатиш, юк кўтариш машиналари оператори, мебель жиҳозларини ясаш ва таъмирлаш устаси, балиқчилик, қозонхона ишчиси, компьютер саводхонлиги, компьютер дизайн дастурлари, архитектура лойиҳа дастурлари, бухгалтер (ўрта малакали) йўналишлари бўйича ўқитиш жараёнлари амалга оширилмоқда. Бу йўналишлар бўйича малакали ўқитувчилар сабоқ беришмоқда.
– Ўтган йили автоэлектрик йўналиши касбий таълим устаси Эркин Ярлақапов Хитой Халқ Республикасининг Сянси провинцияси Нанчан шаҳрида бўлиб, ўз малакасини ошириб келди,–дейди бошқарма ходими Улуғбек Бердимуродов. – Бу эса, автоэлектрик йўналиши бўйича касб-ҳунар ўрганаман, деган ёшлар учун янги имконият эшикларини очишга ёрдам бераётган бўлса, Гулистон шаҳар "Ишга марҳамат" мономаркази тингловчиси Гулҳаё Бўрибоева сартарошлик санъати йўналишида Ўзбекистон Республикасининг 4-миллий чемпионатида 1-ўринни қўлга киритди.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 4 октябрдаги "Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, ишсиз ва камбағал аҳолини ички ва ташқи меҳнат бозори талабларига мос бўлган ишчи касбларга ўқитиш тизимини ташкил этиш мақсадида Вазирлик ҳузуридаги Гулистон, Сардоба "Ишга марҳамат" мономарказлари ва Оқолтин, Сайхунобод ва Ховос касб-ҳунарга ўқитиш марказлари негизида касбий кўникмалар марказлари ташкил этилди.
Бу эса касб-ҳунар турлари ҳамда хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган тингловчиларга дуал таълим асосида таълим олиш имконини беради. Жорий йилда 7658 нафар ёшни касб-ҳунар турларига ўқитиш белгиланган.
Хуллас, очиқ мулоқотда юқорида келтирилган масалалар тўғрисида сўз юритилиб, ОАВ ходимларининг саволларига атрофлича жавоблар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири